ТАН, Танг — ўрта асрларда Хитойда мавжуд бўлган марказлашган давлат ва сулола (618—907). «Тан» атамаси — мағрурланиш, тасодиф маъносини англатади. Асосчиси — Ли Юан (566 — 635) бўлиб, Гаозу номи билан тахтни бошқарган (618—626). Тан давлатининг ташкил топиши 610 й. Хитойда Суй сулоласига қарши бошланган халқ қўзғолони билан бевосита боғлиқ. Йирик амалдорлар фурсатдан фойдаланиб тахтни эгаллашга интилган. Улардан Шаньси ўлкасининг раҳбари Ли Юан туркий қавмлар билан яқин бўлгани учун катта салоҳият ва имкониятга эга бўлган. У 3 нафар ўғиллари билан туркий қавмлар ёрдамида Суй сулоласини ҳимоя қилиш баҳонасида пойтахт Чанъан (ҳоз. Сиан)га кириб олган ва ўзини император деб эълон қилиб, ўз ҳокимиятини Тан деб атаган. 630 й. дан Тан фаол ташки сиёсат юргиза бошлаган ва даставвал Буюк ипак йўлини қўлга киритишга харакат қилган. 640 й. Турфон (Гавчан) давлатига ҳужум қилиб уни йўқ қилган, сўнфа Шаркий Турк хоқонлиги, Уйғур хонлиги ва Ғарбий турк хоқонлиги каби давлатлар билан уруш олиб борган. Бу уруш жараёнида Тан улар ўртасидаги зиддиятлардан тўла фойдаланиш ва бири билан дўстлашиб, иккинчисини йўқотиш, уларни ичидан заифлаштириб, сўнгги (пировард) ғалабани қўлга киритиш амалиётини қўллаган. 645—668 й. ларда Т. Кореяни тобе этган, сўнг Манжуриядаги мохэ ва кидон қабилалари ҳокимиятини тугатган. 747 й. Т. армияси ҳоз. Қирғизистоннинг Тўқмоқ (Суёб, Суйё) вилоятига, 748 й. Помирдаги Кичик Болурга (Сяо Боли), 750 й. Шош (Тошкент) га қужум қилган, Шош ҳукмдори ўлдирилган, унинг ўғли араблардан мадад сўрашга мажбур бўлган. 751 й. даги Талас жангида Тан армияси тормор келтирилган. Шундан сўнг Тан империясининг Марказий Осиёдаги фаолиятига чек қўйилган. Мамлакатда ижтимоийиқтисодий аҳвол ёмонлашган; кетма-кет халқ қўзғолонлари содир бўлиши ички сиёсий таназзулни кучайишига ва Тан империясини 15 та майда ҳокимликларга бўлиниб кетишига олиб келган. Абдулаҳад Хўжаев.