ТАННИН

ТАННИН (франц. tanner — терини ошлаш) — ўсимликларда кўплаб учрайдиган фенолли бирикма. Т. — аморф очсариқ кукун. Сувда, глицеринда, сирка эфирида эрийди. Сувдаги эритмаси — коллоид эритма, кислотали реакцияга эга, поляризация текислигини ўнгга буради. Оқсиллар ва баъзи табиий полимерлар (целлюлоза, пектин моддалари) билан мустаҳкам бог ҳосил қилади. «Таннин» термини дастлаб (18-а. охирида) сувдаги эритмаси хом терини ошлаш хоссасига эга бўлган ўсимлик моддалари аралашмасига айтилган. Таннинга табиатда учрайдиган, мол. м. 500 дан 3000 гача бўлган (таркибида фенолли гидроксил гуруҳ сони кўп бўлган) бирикмалар киради.

Таннин тери ошлашда, бўёқчиликда хуруш сифатида ва тиббиётда қўлланади.

Loading...