ТАНҚИДИЙ РЕАЛИЗМ — 19-а. нинг 20—30й. ларида жаҳон адабиёти ва санъатида шаклланган бадиий метод, реализмнинт бир кўриниши. Классицизм адабиёти вакилларининг ўз даврини ўтаган ва эскирган тасвир усулларига қарши, ўтган асрлардаги илғор адабиётларнинг энг яхши анъаналарини давом эттириш ва янгилаш мақсадида майдонга келган. Ҳаёт ҳодисаларини бадиий мужассамлаштиришда бу ҳодисаларнинг ижтимоийтарихий илдизларини очиш Танқидий реализмнинг асосий мақсадидир. Танқидий реализм ёзувчидан инсонни ҳар томондан чекловчи, эзувчи, бузувчи ва маънавий инқирозга олиб келувчи ҳаётнинг ижтимоий асосларини танқидий акс эттиришни талаб этади. Танқидий реализм адабиёти ва санъатида тарихийлик принципи ҳаётий воқеалар, кишиларнинг характерлари ва уларни қуршаган шароитнинг муайян давр учун муҳим вокеалар, характерлар ва шароитлар сифатида тасвир этилишида зухур беради. Танқидий реализм асарларидаги персонажлар «ортиқча кишилар», «оталар» ва «болалар» ёки янгилик ва эскилик тарафдорлари бўладими — улар ўз даврининг маҳсулидир. Ammo тарих ҳаракати, ижтимоий тараққиёт жараёни Танқидий реализмнинг аксар асарларида кишилар субъектив фаолиятининг натижаси сифатида талқин этилади. Шунинг учун ҳам бу асарларда фақат кишиларнинг руҳий олами, ишонч ва эътиқоди улардаги ижобий (эзгу) ибтидонинг манбаи бўлиб хизмат қилади. Танқидий реализм инсониятни бахтли ва нурли ҳаётга олиб борувчи йўлни кўрсатмайди, балки кишиларнинг шундай хаёт сари интилишларида уларга дуч келган тўсиқлар, иллатлар, шароитни кўрсатади. Шунинг учун ҳам бадиий тасвирнинг бу усули Танқидий реализм деб аталади.
Совет адабиётшунослиги Танқидий реализмнинг шаклланишини пролетар ҳаракатининг пайдо бўлиши билан боғлаб, мазкур бадиий метод вакилларини капитализмга қарши онгли равишда курашган ёзувчилар сифатида талқин этиб келди. Танқидий реализм вакиллари эса шу жамиятдаги ижтимоий адолатсизлик ва шу жамиятда яшовчи айрим кишилар ҳаётидаги маънавий бузилиш ҳолларини халққа бадиий тасвир орқали кўрсатиш ва жамиятни шу йўл билан даволашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган эдилар. Танқидий реализмнинг Ғарбий Европадаги Бальзак, Диккенс, Теккерей, Флобер сингари вакиллари воқеликни инқилобий ўзгартириш ғоясидан мутлақо узоқ бўлишган. Шунинг учун ҳам улар ижодидаги айрим кишиларга хос иллат ва қусурлар тасвири, совет адабиётшунослиги талқин этиб келганидек, капиталистик жамиятни фош этиш пафоси даражасига олиб чиқилмаган.
Танқидий реализмнинг 20-а. да яратган асарларида 2 тамойил кўзга ташланади. Биринчиси — кишиларнинг кундалик ҳаётини, уларнинг бахтли ҳаёт йўлидаги интилишларини тасвирлаш. Ремарк, Стейнбек сингари ёзувчиларнинг шу йўналишдаги асарларидан, Феллини, Антониони сингари машҳур итальян кинорежиссёрларининг фильмларидан чиқадиган хулоса шуки, инсон ҳаётини яхшилаш, тақдирни ўзгартириш мумкин эмас. Иккинчиси — халқ озодлик ҳаракатлари, шу жумладан, 20-а. даги инқилобий ҳаракатларни бадиий идрок этиш ва шу ҳол туфайли ижтимоий тараққиёт истиқболига умид билан қараш. Роллан, Лондон, Драйзер сингари ёзувчиларнинг айрим асарларида ана шу иккинчи тамойил устуворлик қилади ва худди шу тамойил улар ижодини социалистик реализм билан яқинлаштиради.
Совет адабиётшунослиги Л. Н. Толстой, Ф. М. Достоевский, А. П. Чехов каби ёзувчиларнинг 1917 й. гача бўлган рус вокелиги тасвирланган асарларинигина Танқидий реализмнинг намуналари сифатида баҳолаб, 1917 й. дан кейинги давр воқеаларига бағишланган рус ёзувчиларининг асарларини эса социалистик реализм методига нисбат бериб келди. Ҳолбуки, худди шу давр рус адабиётида Танқидий реализм етакчи метод сифатида ривожланди ва ҳаттоки совет даври рус адабиётида Танқидий реализм методи тамойиллари асосида кўпгина асарлар яратилди. М. Булгаковнинг «Тарки дунё» («Бег»), М. Шолоховнинг «Тинч окар Дон», А. Пастернакнинг «Доктор Живаго», А. Солженициннинг «ГУЛАГ архипелаги» сингари асарлари Танқидий реализм методига асосланганлиги билан фаркланиб туради.
19-а. нинг яр2мида ҳажвий йўналишнинг катта мавке касб этиши билан ўзбек адабиётида ҳам Танқидий реализмга хос белгилар етакчилик қила бошлади. Аммо бу давр ва, айниқса, жадидчилик даври адабиётида халқни маърифатга чақириш ғоялари устувор аҳамиятга эга бўлгани учун адабиётшунослар бу давр адабиётининг бадиий методини маърифатпарварлик реализми деб баҳолаганлар. Маърифатпарварлик гояси эса шу даврда жаҳолатга, диний бидъат ва хурофотга қарши қаратилганлиги сабабли жаҳолат танқиди М. Беҳбудий, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ҳамза, Тавалло каби жадид ёзувчиларининг асарларида фош этувчи пафос даражасига кўтарилди. 20й. ларда большевиклар туфайли Ўзбекистонда содир бўлган мудҳиш воқеаларни, мустамлакачиликнинг чидаш мумкин бўлмаган кўринишларини тасвир этишда Абдулла Қодирий («Ўтган кунлар»), Фитрат («Миррих юлдузига», ҳикоялар) ва Чўлпон («Бузилган ўлкага», «Вайроналар орасидан», «Кеча ва кундуз», «Новвой қиз», «Ойдин кечалар») каби ёзувчилар Танқидий реализм методидан маҳорат билан фойдаландилар. Аммо кейинчалик адабиёт ва нашр ишларини қаттиқ назорат остига олган Совет давлати ўзбек адабиётида Танқидий реализмнинг авж олишига мутлақо имкон бермади. Натижада социалистик реализм ўзбек адабиётининг ягона бадиий методи сифатида узилкесил шаклланди.
20-а. нинг 70й. ларида социалистик реализмнинг «очиқ метод» деб эълон қилиниши ўзбек адабиётида Танқидий реализмга хос пафоснинг жонланишига сабабчи бўлди. Абдулла Қаҳҳор шу даврда совет жамияти хаётида авж ола бошлаган порахўрликни кескин фош этувчи «Тобутдан товуш» сатирик комедиясини яратди. Ичкиликбозлик, кўзбўямачилик, лаганбардорлик, муттаҳамлик каби ижтимоий иллатларни фош этувчи асарлар яратила бошланди (И. Султоновнинг «Имон» пьесаси, С. Зуннунованинг «Янги директор» қиссаси, «Ташналик» ҳикояси ва б.). Аммо мавжуд ижтимоий тузум, ҳукмрон мафкура ўзбек адабиёти ва санъатидаги жамиятни тозалаш ва даволашга каратилган бундай тамойилнинг кучайишига йўл қўймади.
Умуман, реализм адабиётнинг асосий методи сифатида жамият ва кишилар ҳаётидаги урчиши ва жамиятнинг ривожланишига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай иллатларни тасвир этишни, бинобарин, Танқидий реализм методига хос унсурларнинг ҳам бўлишини тақозо этади.
Ад.: Проблемы современного реализма и модернизм, М., 1965; Критический реализм XX века и модернизм, М., 1967; Петров С. М., Критический реализм, М., 1974.
Наим Каримов.