ТАР, Тҳар — Ҳиндистон ва Покистон ҳудудларидаги чўл ва чала чўлли текислик. Ҳинд дарёсининг чап соҳили бўйлаб, шим. дан жан. га 850 км масофага чўзилган. Майд. 300 минг км2. Ўртача бал. 100—200 м. Аллювиал, денгиз ва эол қумлари билан қопланган, айрим жойларда қоялар учрайди. Рельефида қум жўяклари ва қум тепа кўп; барханлар учрайди. Иклими тропик, қуруқ иқлим. Йиллик ёғин 90—200 мм. Тез-тез чангли бўрон бўлиб туради. Пастқам жойларда шўрхок ва тақирлар бор, майдароқ шўр кўл кўп. Ўсимликлари сийрак, дағал ўтлар ва ксерофит бута ва дарахтлар ўсади. Воҳа кўп. Деҳқончилик қилинади, яйлов чорвачилиги ривожланган. Тарнинг ғарбий қисми Ҳинд дарёсидан суғорилади. Суғориш каналлари қурилган.