ТАРАҚҚИЙ

«ТАРАҚҚИЙ» — жадидлар газетаси. 1906 й. 14(27) июндан Тошкентда чоп этилган. Ношири ва муҳаррири — Исмоил Обилий. «Тараққий» том маънодаги илк миллий нашр ҳисобланади. Унинг сахифаларида чор Россиясининг Туркистонда олиб бораётган мустамлакачилик сиёсатини дадиллик билан фош қилишга бағишланган мақолалар, хабарлар ва маълумотлар босилган.

«Тараққий» да босилган фельетон ва б. материалларда танқидий йўналиш, фош қилиш руҳи кучли бўлгани учун у ўша даврнинг энг оммавий нашрига айланган ва жамоатчилик фикрига катта таъсир кўрсатган. Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Сўфизода, Нозимахоним, Баҳромбек Давлатбеков, Шокир Мухторий, Зариф Холиқий ва б. нинг оммага миллий озодлик, тараққиёт ғояларини тарғиб ва ташвиқ қилувчи асарлари «Тараққий» сахифаларида чоп этиб турилган.

«Тараққий» тутган йўл, газ. нинг маслаги ва мақсади, унда чоп этилган асарлардаги ўткир танқидий руҳ мустамлакачи маъмурларга маъқул келмаган. 19 сони чиққанидан сўнг «Тараққий» ёпиб қўйилган. Муҳаррири қамоққа олиниб, газ. нинг молмулки мусодара қилинган. «Тараққий»нинг илк сони чиққан 27 июнь 1993 й. дан буён мамлакатимизда «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни» сифатида нишонланади.

Ад.:Жалолов А.,Ўзганбоев Ҳ., Ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг тараққиётида вақтли матбуотнингўрни, Тараққий, 1993; Пидаев Тараққий, Матбуот — миллат чироғи, Тараққий, 1999; Абдуазизова Н., Туркистон матбуоти тарихи (1870-1917), Т., 2000.

Prev Article

ТАРАҚҚИЁТ