ТАРАШ МАШИНАСИ (тўқимачиликда) — толали материаллар (пахта, жун ва б.) тутами (холст)дан пилта ҳосил қиладиган машина; йигириш жараёнининг асосий машинаси. Тараш машинасида толалар тўғриланади, бир-бирига параллелланади, хасчўп ва калта толалар қисман тараб ташланади, пилта тазга тахланади. Тараш машинаси қуйидагича ишлайди. Холст машинанинг холст вали Ғ га келтирилади (расмга қ.) Вал айланиши натижасида холст стол 2 устида ёзилиб, цилиндр 3 остидан ўтади ва тез (450—700 айлҒмин) айланиб турган қабул барабани 4 га келади. Бунда холст барабан остига ўрнатилган пичоқлар 5 ёрдамида хасчўплардан тозаланади, панжара 6 орқали машинанинг остига тушади. Сўнгра толалар асосий барабан 7 ва шляпка 9 лар орасидан ўтиб, тўғриланади, таралади ва бир-бирига параллелланади. Асосий барабандан ажратувчи барабан 10 га ўтган толаларни тез (1000—1500 айлҒмин) тебранувчи «эшкак» 11 уриб туширади; натижада маҳсулот юпқа қатламли тарам шаклига келади. Тарам воронка 12 га тўпланади, сўнгра валлар 13 орқали ўтиб, зичланади ва пилта шаклида таз 14 га тахланади. Таздан пилталар тайёр маҳсулотлар омборига жўнатилади.