«ТАРБИЯИ АТФОЛ» («Болалар тарбияси») — Бухоро жадидлари ташкил этган маърифий жамият (1908—14). Абдувоҳид Бурҳонов, Мукаммил Бурҳонов, Ҳамидхўжа Меқрий, Аҳмаджон Абдусаидов ва б. асос солишган. Жамият фаолиятида С. Айний, Усмон Хўжа, М. Саиджонов ва б. мухим роль ўйнаган. Жамият аъзолари сони 100 га яқин бўлиб, уларни Муҳиддин Мансуров, Садр Зиё моддий жиҳатдан қўллабқувватлаган. «Тарбияи атфол» истеъдодли ёшларни хорижий мамлакатларга ўқишга юбориш, усули жадид мактабларини ҳар томонлама қўллабқувватлаш, бу мактаблар учун ўқув қўлланмалари ва дарсликлар яратиш, хориждаги талабаларга моддий ёрдам кўрсатиш ишлари билан шуғулланган. Жамиятнинг саъйҳаракати билан, мас., 1908 й. да Истанбулда бухоролик ва туркистонлик ёшлардан 14 киши таҳсил олган. Жамият кўмаги билан Фитратнинг «Мунозара», «Ҳинд сайёҳи баёноти» ва «Сайҳа» асарлари, шунингдек, С. Айний, А. Бурҳонов, Икром домла ва б. нинг китоблари Туркияда нашр этилиб, Туркистонда тарқатилган. Жамият маърифатпарварлик ишлари билан бирга ижтимоий масалаларга ҳам эътиборни қаратди. Жамият аъзолари Бухорода маърифатни ёйиш, Фитратнинг Туркистон жадидчилигининг дастури ҳисобланган асарларини тарғиб этиш билан бирга Бухоро амирлигида хукм сурган диний фанатизм ва бидъатга қарши тарғиботташвиқот ишларини олиб борди, шунингдек, амирликдаги ҳар қандай янгиликни бўғишга қаратилган тадбирларга қарши норозилик кайфиятини изҳор этиб турди.
Ад.: Айний Садриддин, Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар, М., 1926; Хўжаев Файзулла, Бухоро инқилобининг тарихига материаллар, Тарбияи атфол, 1997; Эргашев Б. Х., Идеология национально-освободительного движения в бухарском эмирате, Тарбияи атфол, 1991 Қаҳрамон Ражабов.