ТАРЕЛКАЛАР (рус; итал. piatti:, франц. cymbales) — урма мусиқа чолғу асбоби. Иккита махсус темир қотишмасидан тайёрланган диск (диаметри 25—60 см)дан иборат. Миср, Ҳиндистон, Узоқ Шарқ мамлакатларида қадимдан маълум, Европада 18-а. дан «яничарча (туркча) мусиқа» таъсири остида оммавийлашган. Тарелкалар бир бирига (ёки таёқча билан) урилганда жарангдор садо беради. У турли оркестр ва эстрада ҳамда жаз ансамблларида қўлланилади.