ТАРИҚ (Panicum L.) — бошокдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимликлар туркуми; дон экини. Ватани Хитой ва Монголия. Осиё, Америка, Африкада кенг тарқалган. Афғонистон, Ҳиндистон, Жан. Европа, Россия, Грузия, Арманистон, Қозоғистонда катта майдонларга экилади. 500 га яқин тури бор. Т. қадимдан экиладиган ўсимлик. Осиё, Европа ва Шим. Америкада (мил. ав. 3минг йилликдан) ўстирилган, Хитойда 5 минг йилдан бери экиб келинади. Ўзбекистонда кўпинча баҳорикор ерларга дони учун 1 тури — оддий Тариқ (P. miliaceum L) экилади. Оддий Тариқ рўвагининг шаклига қараб ёйиқ,чочоқ, сиқиқ, овал, ярим ғуж в а ғуж кенжа турларга бўлинади. Илдизи попуксимон, 150 см чуқурликкача боради. Пояси — похолпоя (20—150 см ). Барглари наштарсимон, тукли ёки туксиз, яшил ёки қизғиш, уз. 18—65 см. Гули икки жинсли. Дони қобиқли, шакли юмалоқ, овал ёки чўзиқ, ранги оқ, сариқ, қизғиш, жигарранг; 1000 донаси вазни 4—9 г. Т. иссиқсевар, қурғоқчиликка, шўрга чидамли ўсимлик. Уруғи ҳарорат 8—10° бўлганда униб чиқади, 12—15° да майсалари кўкара бошлайди. Ўсув даври 60—100 (120) кун. Лалми ерларга апр. нинг охири — май ойининг бошларида, суғориладиган ерларда апр. охирида, такрорий экин сифатида июннинг охири — июлнинг бошларида экилади. Тариқ донида 10—15% оқсил, 50% углевод, 3,8% мой мавжуд. Донидан спирт олишда, бўза тайёрлашда фойдаланилади, сўк, ёрма, ун тайёрланади. Окланган дони (сўк) мазали ва тўйимли озиқ-овқат маҳсулоти. Тариқ уни нон ёпишда кўпинча жавдар унига қўшилади. Ўзбекистонда Тариқнинг Саратов 853 нави экилади.
Касалликлари: қора куя, бактериоз.
Зараркунандалари: тариқ чивини, поя парвонаси ва б.
Ҳалима Отабоева.