ТАРИХ ФАЛСАФАСИ

ТАРИХ ФАЛСАФАСИ — тарихни фалсафий шархлаш ва баҳолаш. «Тарих фалсафаси» атамаси антик давр фалсафаси ва тарихнавислигида намоён бўлсада, уни фанга М. Ф. Вольтер киритган деб ҳисобланади. Тарих фалсафасининг қуйидаги йўналишлари бор: теологик (илоҳиёт) Т. ф. — худонинг иродасини тарихни ҳаракатга келтирувчи куч деб қисоблайди; метафизик Тарих фалсафаси — ҳеч қандай чегаралар ва доиралар билан чекланмайдиган, турли шакл ва кўринишга кирадиган тушунчалар тизимини Тарих фалсафаси деб билади; идеалистик Тарих фалсафаси — унда ғоялар, инсоннинг ахлоқий тушунчалари, маънавийруҳий кечинмалари асосида тарихга муносабат билдирилади; натуралистик Тарих фалсафаси учун инсон ҳиссиёти ва туйғуси орқали оламни англаш, ўтмишга назар солиш ва уни баҳолаш асосий мезондир; материалистик Тарих фалсафаси — унда иқтисодий омилларга катта эътибор берилади; тарихни йўналтирувчи куч сифатида моддий эҳтиёж ва иктисодий зарурият асос қилиб олинади. Тарихда шахснинг ролига қандай баҳо берилишига қараб, алоҳида шахсни устун қўйиб ёки жамоани биринчи қўйиб фикр юритадиган Тарих фалсафаси ҳам мавжуд. Тарих фалсафасида, шунингдек, тарих фани тушунчаси, қонуниятлари, тарихий жараён ва инсон, инсон моҳияти, феълатвори, хаттиҳаракати, манфаати талқин этилади.

Тарих фалсафаси илдизлари антик давр алломалари Геродот ва Фукидиднинг тарихий ҳаракатга доир қарашларига бориб тақалади. У Полибий, Посидоний, Плутарх қарашларида нисбатан шаклланди. Августин эса илоҳий давлат тарихи фалсафасини яратди ва кейинги минг йилларда тарихий тафаккурнинг шаклланишига кучли таъсир кўрсатди.

18-а. га келиб Тарих фалсафасининг йўналишлари тубдан ўзгарди. Тарихий тараққиётда инсоннинг таъсири, ўрни ва роли, тарихга инсон қалби, ички дунёси, маънавийруҳий олами маҳсули сифатида қараш тамойиллари шаклланди. Бироқ, бунда ҳам турлича ёндошишлар мавжуд эди. Чунончи, Лейбниц тарихда метафизик кучлар ва ғоялар устувор деб тушунса, Гегель бутун воқеликни тарих деб ҳисоблаб, унда дунёвий аклни устун қўяди. 19—20-а. ларда тарихни англашда мавҳум мантиқ ва тарихни билиш назарияси билан бир каторда А. Шопенгауэр, Я. Буркхардт, О. Шпенглер тарихни тушкунлик орқали англаш, А. Тойнби оптимизм, марксизм асосчилари эса тарихий материализм ғояларини илгари сурди.

Шарқда «Тарих фалсафаси» тушунчаси ўзига хос жиҳатларга эга. Форобий қарашларига кўра, жамият тараққиётини илоҳий қонунлар бошқаради. У Аристотелнинг жамият ривожланиши хақидаги таълимотини ўз хулосалари билан бойитди. Беруний эса тарихий тараққиёт босқичларини табиат, астрология, астрономия, кеча ва кундуз, фасллар алмашинуви орқали ўрганди. У «Ҳиндистон», «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асарларида инсоният тарихига фалсафий нуқтаи назардан ёндошади, тарихни англаш, идрок этишда бутунлай янгича қарашларни ўртага ташлайди. Беруний дунё тарихшунослигида асотирлар, афсоналар ва ривоятлардан илмий билиш ҳамда дунёвий таълимотга ўтишда муҳим ҳисса қўшди.

Шарқ Т. ф. бир неча йўналишда кўзга ташланиб, воқеалар таҳлили ибратли ҳикоялар, панднасиҳатлар, юксак ахлоқий меъёрлар билан муштарак ҳолда олиб борилади. Айрим ҳолларда тарихга географикҳудудий жиҳатдан ёндошилади. Саёҳатномалар орқали жамият тарихи яратилади, подшохларнинг бошқарув усули, сиёсати, унинг моҳияти очиб берилади.

Ад.: Тойнби А., Постижение истории, М., 1991; Жўраев Н., Тарих фалсафаси, Тарих фалсафаси, 1999.

Нарзулла Жўраев.

Prev Article

ТАРИХ