ТАРЖИЪБАНД (араб. — қайтариш, такрорлаш; банд) — мумтоз адабиётда лирика жанрларидан. Таржиъбанд ғазал каби қофияланиб, 5 байтдан 12 байтгача бўлади, ҳар банди бир вазнда ёзилиб, бандлар охирида бошқа бир байт такрорланиб келади. Бандлар такрорланувчи байт — таржиъ воситасида ўзаро боғланиши туфайли Таржиъбанд деб юритилади. Барча бандларнинг охири ўша такрорланадиган байт билан мазмун жихатидан узвий боитаниб келади. Таржиъбандда такрорланадиган ушбу байт байт боши деб айтилади.
Шайх Ахмад ибн Худойдод Тарозий «Фунун улбалоға» асарида Таржиъбандни 5 турга ажратади:
1) ҳар банднинг қофияси бошқача бўлади, лекин байт такрори сақланади;
2) барча бандлар бир қофияда айтилиб, таржиъ байти такрорланмайди, балки ҳар банднинг охирида бошқа бир байт келади;
3) барча бандлар, жумладан таржиъ байтлар ҳам бир қофияда ёзилади; 4) ҳар бир банд алоҳида, шунингдек, таржиъ байтлар ҳам ғазал каби қофияланади (1мисрасида қофия бўлмайди) ва уларни жам этса, яхлит ғазал кўринишини олади;
5) ҳар бир банднинг ҳам, таржиъ байтнинг ҳам қофияси алоҳидаалоҳида бўлади.
Таржиъбандда шоирлар кўпинча фалсафий қарашлари, фикрмулоқазаларини ифодалашган. Бу жиҳатдан Саъдий, Ҳофиз, Навоий ва Фурқатларнинг тасаввуфий мазмундаги Таржиъбанд лари машҳур. Мас., Навоий: Харобот аро кирдим ошуфтаҳол Май истарга — илгимда синган сафол. — байти такрорланиб келадиган машҳур Таржиъбанд ида ўзининг олам ва одам тўғрисидаги фалсафий қарашларини тасаввуф таълимоти билан боғлаб акс эттиради. Ўзбек адабиётида Таржиъбанд жанрининг дастлабки мукаммал намуналарини Навоий яратган. «Хазойин улмаоний»да 4 та Таржиъбанд мавжуд бўлиб, уларнинг иккитаси 10 банд (бири 10, иккинчиси 11 байтдан), учинчиси 8[11 (икки банд 12) байтдан], тўртинчиси 7 (8 байтдан) ни ташкил этади. Уларнинг барчаси фалсафий мазмунда.
Ўзбек адабиётида, шунингдек, Юсуф Амирий, Нодира, Огаҳий, Аваз, Увайсий, Равнақ, Фурқат, Мирий ва бошқалар Таржиъбандлар ёзишган. Замонавий шоирлардан Ҳабибий, В. Саъдулла, Чустийлар Таржиъбанд яратишган. Лекин бу Таржиъбанд ларда меҳнат нашидаси, ватанга ва ёрга муҳаббат туйгулари тараннум этилган.
Ад.:Айний С, Асарлар, 8ж., Т., 1967; Адабий турлар ва жанрлар, 2ж., 1992.
Эргаш Очилов.