ТАРКИ — ўрта аср шаҳри. Махачқалъа (Доғистон)дан 4 км масофада, Кавказ тоғлари ва Каспий денгизи оралиғидаги тор тоғлик ерда, қумиқлар яшайдиган ҳудудда жойлашган. Волга бўйидан Закавказье ва Эронга борувчи савдо йўли Таркидан ўтган. 1396 й. Амир Темур Т. да бўлган. 16—17-а. ларда Т. Шамхалнинг пойтахти бўлган. 17-а. да — Шамхал қалъаси ва саройи бўлган кичик шаҳар. 16—17-а. да шаҳар бир неча ҳарбий тажовузларни бошидан кечирган. 1668 й. С. Разин отрядлари Таркини талонтарож қилган. 1821 й. Т. да тоғ тепасида русларнинг Бурная қалъаси қурилган. 1844 й. Т. яқинида Петровское истеҳкоми (ҳоз. Махачқалъа ш.) қурилган.