ТАРКИББАНД (араб. — тузилиш, банд) — бир вазнда ёзилиб, ғазал тарзида (тахаллуссиз) қофияланадиган, ҳар банддаги байтлар сони тенг бўлган, ҳар банд охирида бир байт алоҳида қофияланиб келадиган шеър шакли. Лекин такрорланиб турувчи байтлар саклансада, бандлар миқдори турли шоирларда турлича. Таркиббанд мураккаб тузилишга эга бўлиб, шоирдан алоҳида маҳорат ва тажриба талаб этади. Таркиббанд форстожик адабиётида 9—11, ўзбек адабиётида 15-а. дан ёзила бошлаган. Ҳофиз Хоразмий, Алишер Навоий, Нодира ва б. Т. да ижод қилишган. Мас., Навоий девонида биттагина Таркиббанд бўлиб, у ҳам марсия характерида — «ҳам ота, ҳам муршиду пир» мақомидаги Саййид Ҳасан Ардашер хотирасига бағишланган. У 7 банд — 56 байтдан иборат. Ҳар банди 7 байтлик ғазал ва ундан сўнг такрорланиб келган байтдан ташкил топган.
Замонавий шоирлардан В. Саъдулла, Чустийлар Таркиббанд ёзганлар. Чустий Т. ининг ҳар банди 5 байтдан таркиб топиб, ҳар банд охирида алоҳида байтлар такрорланиб келади.
Ад.: Адабий турлар ва жанрлар, 2ж., Т., 1992; Ўзбек адабиёти тарихи [5 ж. ли], 2ж., Т., 1977.