ТАРОЗИЙ

ТАРОЗИЙ (асл исми Шайх Аҳмад ибн Худойдод) (14-а. охири — Мовароуннаҳр — 15-а. 1ярми) — шоир ва адабиётшунос. Мовароуннағрда Улуғбек ҳукмронлиги даврида яшаб ижод қилган. Ўша даврнинг машҳур шоирлари Лутфий, Ҳайдар Хоразмий, Атоий, Саккокийларга замондош бўлган Тарозий фақат туркий тилдаги эмас, балки араб ва форс тилларидаги адабиётлар, адабиёт назариясига оид асарларни ҳам ўрганган. Бобур «Мухтасар» асарида арузнинг ражаз ва рамал бахрлари изоҳида унинг шеърларидан мисол келтириши Тарозийнинг анча етук шоир бўлганлигидан дарак беради.

Тарозийнинг алоҳида шеърлар девони борлиги номаълум. Ҳозирча унинг «Фунун улбалога» («Бадиийлик илмлари») асари маълум бўлиб, бу асар дастлаб «Латойифи Тарозий» («Тарозий совғалари») номи билан ёзилган (1436—37) ва Улуғбекка бағишланган. Ўзбек адабиётшунослик тарихида шеършуносликка дойр ўзбек тилидаги илк назарий қўлланма бўлган «Фунун улбалоға» 5 қисмдан иборат; 1қисмда шеърнинг ғазал, қасида, қитъа, рубоий, маснавий, мусаммат, мустазод, фард ва б. турларига кенг илмий изоҳ берилади; 2қисмда қофия ва радиф масалалари ўрганилиб, қофия шеърнинг асоси эканлиги, қофиясиз шеър бўлиши мумкин эмаслиги таъкидланган; 3қисмда бадиий тасвирнинг гарсеъ, ташбеҳ, (ий) ғом, ирсол улмасал, тазмин, истиора, лаффу нашр, радд улматла сингари 97 тури туркий ва форсийзабон шоирлар асарларидан олинган парчалар асосида тушунтириб берилган; 4қисм ҳажм жиҳатдан асарнинг асосини тишкил этиб, у аруз вазни таҳлилига багишланган. Тарозий арузни ўзбек тилидаги шеърият билан боғлаб, баҳрлар сонини 40 тага, унинг тармоқлари сонини 366 тага етказган. Арузнинг 120 дан ортиқ тури изоҳланган бу қисмнинг анча варақлари уриниб, бир қанча сўзлар ўчиб кетган; охирги, 5қисм Шарқ шеъриятининг муаммо жанрига бағишланган (бу қисм йўқолган).

Тарозийнинг ушбу асари яна шуниси билан аҳамиятлики, унда шу пайтгача номлари бизга номаълум бўлган, туркий тилда ижод қилган Муҳаммад Темур Буғо, Ҳожи Ақча Киндий, Бу Насақ, Қутбиддин Сароий, Бу Сиёқа, Жалолий, Шамс Қисорий ҳамда форсийда ёзган Сайфиддин Исфарангий, Мавлоно Сайфиддин, Имом Умид Камолий, Имом Зиёвуддин Форсий, Жалол Самарқандий каби шоирлар эслатилиб, уларнинг асарларидан парчалар келтирилган. «Фунун улбалоға»нинг ягона қўлёзма нусхаси Англиянинг Бодлеан кутубхонасида сақланади. Ана шу нусханинг факсимилеси асосида «Фунун улбалоға» ҳоз. ўзбек ёзувида нашр этилди («Ўзбек тили ва адабиёти» журнали, 2002 й., 1—6сон; 2003 й., 1—3сон).

Ад.: Ҳайитметов А., Темурийлар даврида ўзбек адабиёти, Тарозий, 1996; Ҳайитметов А., Адабий меросимиз уфк,пари, Тарозий, 1997.

Абдуқодир Ҳайитметов.

Prev Article

ТАРНОВ

Next Article

ТАРОЗИЙ