ТАРҚАТИШ ҚУТИСИ

ТАРҚАТИШ ҚУТИСИ (автомобилларда) — кўп ўкли автомобилнинг етакчи ғилдиракларига буровчи моментни узатиш учун мўлжалланган механизми. Қисмлари: картер, етакчи вал, оралиқ вал, етакланувчи вал ва олд кўприк юритмаси вали. Вазифасига қараб, Тарқатиш қутисида тезликни қўшимча пасайтирувчи узатма бўлиши ёки бўлмаслиги мумкин. Тезликни қўшимча пасайтирувчи узатмада узатишлар сонини оширувчи шестернялар жуфтлиги мавжуд. У автомобилнинг етакчи ғилдиракларидаги тортиш кучини янада оширишга имкон беради. Одатда, Тарқатиш қутиси тезликлар қутиси орқасига ўрнатилади ва унга карданли вал (тақсимлаш вали) орқали уланади. Мураккаброқ Тарқатиш қутиси даўкдараро дифференциал қўлланади. У олд ва орқа кўприклар юритмаси валларига ҳар хил тезликларда айланишга имкон беради. Бу эса бурилишларда олд ғилдиракларнинг сирпанишини бартараф қилади. Тарқатиш қутисини алмашлаб улаш механизмининг иши тезликлар қутиси алмашлаб улаш механизминикига ўхшайди. Тарқатиш қутисига трансмиссия мойи қуйиб турилади.

Prev Article

ТАРФ

Next Article

ТАРҲ