ТАРҚОҚ ЭЛЕМЕНТЛАР — табиатда, асосан, йўлдош элементлар сифатида турли минералларда учрайдиган ва б. металл рудаларидан ёки фойдали қазилмалар (кумир, туз, фосфорит ва б.)дан йўлйўлакай ажратиб олинадиган кимёвий элементлар (рубидий, кадмий, цезий, галлий, индий, таллий, германий, гафний, ванадий, селен, теллур, рений) гуруҳи. Тарқоқ элементлар табиатда жуда кам учрайди. Тарқоқ элементлар бошқа минераллар таркибида қуйидаги: «етакчи» элементининг изоморф ўрин алмашиниши (мас., гафний, цирконли минералларда); фақат микрозонд лаш ёрдамида аникланиши мумкин бўлган микроминераллар (мас., пиритдаги теллуридлар); «тупроқсимон» аморф минераллар юзасига шимилган сорблашган қўшимчалар (мас., монтмориллонитдаги ванадий, лимонитдаги селен); металлоорганик бирикмалар (мас., кўмирларда) ҳосил бўлиши; кристалл панжараларнинг нуқсонларида Тарқоқ элементларнинг жойлашиши шаклларида учраши мумкин. Тарқоқ элементлар Ер пўстида нисбатан кўпроқ микдорда учраганда ҳам, одатда, мустақил минераллар ҳосил қилмайди. Фақат маълум ҳоллардагина Тарқоқ элементлар (Sc, Tl, Ge, V, Se, Те, ва Cd) ўз минералларини ҳосил қилиши мумкин. Уларнинг бошқа элементлар орасида тарқоқдиги ёки ўз минералларининг вужудга келиши табиий жараёнларда Тарқоқ элементлар концентрацияларининг ўзаро нисбати ва уларнинг кенг тарқалган геокимёвий аналоглари билан аникланади. Мас., кадмий цинкнинг геокимёвий аналоги бўлиб, чуқур зоналарда доим цинк минераллари орасида тарқалади ва улардан ажратиб олинади, аммо оксидланиш зонасида Cd ва Zn нинг бўлиниши содир бўлади. Бунда Zn чиқиб кетиб, Cd эса ўз бирикмалари шаклида йиғилади (монтепонид CdO, (гриконит CdS, отавит CdCO3, селенид CdSe). Ўрта Осиёда Тарқоқ элементларнинг юқори бирикмали рудалари (рений, индий, германий, теллур, нодир ер элементлари ва б.) учрайди.