ТАСАВВУФ

ТАСАВВУФ, суфийлик — исломда инсонни руҳий ва ахлоқий жиҳатдан комиллик сари йўлловчи таълимот. Т. сўзининг ўзаги ва мазмуни ҳақида олимлар турли фикр ва тахминлар билдиришган. Улар ичида Ибн Халдуннинг фикри ҳақиқатга яқин деб эътироф этилган. У «Муқаддима» асарида Тасаввуф «сувф» — «жун», «пўстин» сўзидан олинган бўлиши керак, зеро қадимдан таркидунё қилган зоҳидлар жундан тўқилган кийим ёки пўстин кийиб юришни одат қилганлар, бу билан улар башанг кийиниб юрувчи ахли дунёлардан фарқли ҳаёт тарзини ўзларида намоён этганлар, дейди. Тасаввуф ва «суфий» сўзлари 9-а. нинг бошларида яшаган Абу Ҳошим Суфийдан бошлаб жорий этилган. Ундан олдинги даврларда бу атама ўрнида «зуҳд» («зоҳидлик», «таркидунёчилик»), «тақводорлик», «парҳезкорлик» каби сўзлар ишлатилган. Ибн Халдуннинг фикрига кўра, саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги аср кишиларида ҳидоят, ибодат, тақво ва зоҳидлик каби қистуйғулар мужассам бўлган. Лекин ҳижратнинг 2асри ва ундан кейинги даврга келиб, одамларнинг кўпчилигида мазкур хусусиятлар ўрнида дунёпарастлик, дин ишларига бепарволик, кибр ва риёкорлик каби салбий хусусиятлар пайдо бўла бошлагандан кейин обидлик ва зоқидликни ихтиёр қилган бир гуруҳ кишилар Тасаввуф ва суфийлик номи билан ажралиб чиққанлар. Тасаввуф турлича талқин қилинган. Мас., Маъруф алКархий (815 й. в. э.) фикрича, «Тасаввуф — ғақиқат сари интилиш, одамлардан тамагирлик қилмаслик ва фақирликни ихтиёр этишдир». Зуннун алМисрий (859 й. в. э.), «Суфий бойлик истаб ўзини чарчатмас ва йўқотган бойлигига ачиниб, безовта бўлмас», деса, Жунайд алБағдодий (909 й. в. э.) «Тасаввуф — қалбни соф тутмоқ, туғма заифлик ва нохуш ахлоқлардан фориғ бўлиб, ҳайвоний ва нафсоний туйғулар устидан ғалаба қилмоқ», деб таъриф берган. Яна у «Тасаввуф бир уй бўлса, шариат унга кирадиган эшикдир», деган. Сўфи Оллоёр бу таърифни қувватлаб: Шариатсиз киши учеа ҳавоға Кўнгил берма анингдек худнамоға деб ёзади. Мисрлик олим Иброҳим Басюний «Исломда тасаввуфнинг пайдо бўлиши» китобида ҳижрий 3 ва 4-а. ларда яшаб ўтган олимларнинг Тасаввуф ҳақидаги 40 та таърифини келтиради. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Тасаввуф ислом шариати талабларини ҳам ихлос билан бажарган ғолда зухд, тақво, камтарлик каби олижаноб фазилатларни ўзида мужассам этиб, нафсни поклаш йўли билан комил инсон даражасига эришишга ҳаракат қилишдан иборат. Тасаввуфнинг ўзига хос истилоҳи мавжуд. Мас., Т. илмидан сабоқ берувчи шахс — шайх, муршид, пир, эшон, хожа, мавло, мавлоно, махдум каби унвонлар билан танилган. Тасаввуфдан сабоқ олувчи шахс — мурид, солик, ахли дил, ахли ҳол, мутасаввиф каби номлар билан аталган. Тасаввуф бўйича олий мақомларга эришган соҳибкаромат пирлар — валий, авлиё, қутб, ақтоб, автод, чилтон, абдол, аброр, аҳрор, нужабо, нуқабо, сиддиқ, ғавс ва ҳ. к. дейилган. Тасаввуф аҳли баъзан ошиқ, фақир, ҳақир, дарвеш, қаландар, зоҳид, ориф, девона, аҳли муҳаббат, аҳли сулук, рижолулғайб, савдойи, гадо каби атамалар билан ҳам ифода этилган. Тасаввуф истилоҳи асосида ижод этган шоирлар мажоз услубини танлаганлар. Шунинг учун ҳақиқат, мажоз, ташбеҳ, истиора каби мантиқий қоидалардан бохабар бўлмаган китобхон Навоий, Фузулий, Атойи, Умар Хайём каби мумтоз адабиёт намояндаларининг шеърларини тўла англаши қийин кечади. Тасаввуф тарихида кўпгина олимлар Тасаввуфга доир сўзлар изоҳига бағишланган луғат ва қомусларни ёзиб қодцирганлар. Улардан айримлари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик инти қўлёзмалар фондида сақланмоқца. Тасаввуф тариқатларининг инсоният маънавиятини юксалтиришга қўшиб келаётган беназир ҳиссаси бутун дунё халқи томонидан эътироф этилсада, баъзан ислом оламида Тасаввуфга салбий назар билан қараш, унинг тариқатлари, машойихлари ва кароматларини инкор этиш кўзга ташланади. Бурҳониддин алБиқоий (1406 — 1480)нинг «Тасаввуф инқирози», Абдураҳмон Димашқиянинг «Нақшбандия тахлили» китоби ва б. китобларда Тасаввуфнинг барча тариқатлари ва уларга доир асарлар ҳамда машойихлар қаттиқ танқид қилинган. Азизавлиёларнинг мақбара ва мозорларини зиёрат қилиш ширк деб саналган. Ваҳоланки, уларнинг бу даъволари шаръан асоссиздир.

Ислом ҳуқуқшунослигида, яъни шаръий кўрсатмаларни амалга татбиқ этишда 4 та фиқхий мазҳаб бўлганидек, Тасаввуфда ҳам бир неча тариқатлар шаклланган. Машҳурлари — тайфурия, жунайдия, ҳакимия, қодирия, яссавийлик, маломатийлар, рифоия, кубровийлик, суҳравардийлик, чиштия, акбария, шозилия, бектошия, мавлавия, нақшбандия, санусия тариқатларидир. Мустақиллик йиллари мамлакатимизда Тасаввуф тариқатларини ўрганиш, унга доир асарларни таржима қилиш, атокди машойихларнинг мақбараларини қайта қуриш ва таъмирлашга аҳамият берилмоқца. Ҳаким Термизий, Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Шайх Зайниддин, Занги ота, Шайх Хованди Тоҳур ва б. кўплаб Тасаввуф тариқатларига мансуб пири комилларнинг хаёт ва ижодларини чуқур ўрганиш, қолдирган асарларидан халқимизни баҳраманд этиш борасида муайян ишлар қилинди.

Ад.: Комилов Н., Тасаввуф (1-китоб), Т., 1999; Жузжоний А. Ш., Тасаввуф ва инсон, Тасаввуф, 2001; Ҳаққулов И., Тасаввуф сабоқлари, Бухоро, 2000.

Абдулазиз Мансур.

Prev Article

ТАРҒИТОЙ

Next Article

ТАСИС