ТАСМАСИМОН ЧУВАЛЧАНГЛАР

ТАСМАСИМОН ЧУВАЛЧАНГЛАР, цестодлар (Cestoda) — ясси чувалчанглар синфи. Ҳайвонлар ва одам ичагида, баъзан бошқа органларида паразитлик қилади. Гавдаси тасмасимон (номи шундан), уз. мм нинг бир неча улушидан 30 м гача, бош (сколекс), бўйин ва стробиладан иборат. Бошида ёпишув органлари (сўрғичлар, илмоқлар, хартумлар ва б.) жойлашган. Бўйин қисми ўсувчи ёш бўғим (проглотид)лардан иборат. Стробиласи, одатда, бир нечтадан ўнлаб, ҳатто юзлаб бўғимларга бўлинган. Жинсий органлари гермафродит, ҳар бир бўғимида битта ёки бир жуфтдан бўлади. Танаси ботиб кирган киприксиз эпителий билан қопланган. Ичаги бўлмайди, танасининг юзаси орқали ичакдаги суюқ озиқни сўриб олади. Жуда серпушт, айрим турлари бир йилда 600 млн. гача тухум қўяди. Хўжайин алмаштириб ривожланади. Тухумлари ичида ташқи мухитда 6 илмокли онкосфера личинкалар ривожланади. Тухумлар оралиқ хўжайин ичагига тушганида личинкаси кон оркали турли органларга бориб, пуфак (финна)га айланади. Асосий хўжайин финнали орган (гўшт, жигар ва б.)ни еб, паразитни юктиради. Асосий хўжайин ичагида финнадан чиққан личинка ичак деворига ёпишгач, янги бўғимлар чиқариб ўсади. Айрим Тасмасимон чувалчанглар 2 оралиқ хўжайинда ривожланади. 9—10 туркум, 3000 га яқин тури бор. Тиббий нуқтаи назардан қорамол тасмасимон чувалчанги, эхинококк, занжирсимон тасмали чувалчанглар, қўй мия қурти, сербар Тасмасимон чувалчанглар, лигула ва б. катта аҳамиятга эга.

Next Article

ТАСОДИФ