ТАУСАҒИЗ

ТАУСАҒИЗ, тоғсақич (Scorzonera tausaghyz) — қоқидошларга мансуб кўп йиллик ўсимлик. Илдизи йўғон, сертармоқ. Пояси кўп шохланмаган, бўйи 20—50 см, барглари навбатлашиб жойлашган, учи сариқ саватча билан тугайди. Саватчасида 30—50 та сариқ, тилсимон, икки жинсли гуллари ўрнашган. Меваси пистача. Т. Қозоғистонда Қоратоғ тизимининг тошли ва шағалли ён бағирларида ўсади. Қуруқ илдизининг 9—28% ини каучук ташкил этади. Каучукнинг сифати тропикда ўсадиган гевея каучугидан юқори. Таусағиздан 1948 й. гача кенг миқёсда каучук олиш учун фойдаланилган; сунъий каучук ишлаб чиқариш. йўлга қўйилгандан кейин факат илмий мақсадларда ишлатила бошланди. Ўзбекистон ФА Ботаника институти ходимлари С. Х. Чеврениди ва О. Н. Бондаренко (1948) Фарғона водийсида янги Таусағиз ўсимлигини топишиб, унга Ўзбекистон таусағизи деб ном беришган.

Prev Article

ТАУРАГЕ

Next Article

ТАУЭР