ТАУТОМЕРИЯ

ТАУТОМЕРИЯ (юн. tautos худди ўзи ва meros — улуш, қисм) — қайтар изомерия ҳодисаси. Бу жараёнда айни бирикманинг 2 ва бир неча изомери бир-бирига айланиб туради. Таутомерия — динамик изомерия. Агар кимёвий системада изомер — таутомер мувозанат қарор топган бўлса, унда ҳар кайси изомердан маълум ва ўзгармас микдор бўлади. Бу системадаги айрим изомерлар микдори ташки ва ички омиллар (эритувчи, тра, эритмадаги водород ионлари концентрацияси ва б.)га боғлиқ бўлади. Таутомерия, асосан, органик бирикмаларда учрайди. Унга кўп ҳолларда молекуладаги водород ҳамда қўш боғ ўрнининг ўзгариши сабаб бўлади. Таутомерияни ўрганишда кимёвий ва физик усуллар қўлланади. Таутомерия техника ва тирик организмлар учун муҳим аҳамиятга эга. Кўпгина кимё технология жараёнлари (айниқса, дори ва бўёқ моддалар синтези) Таутомерия ҳодисаси билан чамбарчас боғлиқ.

Prev Article

ТАУНГУ

Next Article

ТАУЭР