ТАВФИҚ ФИКРАТ

ТАВФИҚ ФИКРАТ (1867.24.12 Истанбул —1915.19.8) — турк шоири, маърифатпарвар, журналист. Истанбулдаги Галатасарой лицейида ўқиган. Бир қатор ўқув юртларида муаллимлик қилган, шеърлар ёзган. «Сарвати фунун» («Фанлар бойлиги») мажмуаси (1892 — 1944) нинг ёзув ишлари мудири (1895—1901). Илк шеърий китоби — «Рубоби шикаста» («Синиқ соз», 1904). Тавфиқ Фикрат адабиётга мумтоз шеърият таъсирида кириб келган, сўнгроқ ғарб адабиёти йўлида шеърлар ёза бошлаган. Унинг шеъриятда яратган янгиликларидан бири — шеърдаги энг кичик бирлик бўлган байтда фикрнинг якунланиши мажбуриятини йўқ қилган, насрдаги ифоданинг кенг имкониятларидан назмда фойдаланган, вазн ва қофияга алоҳида эътибор берган. Туркча билан аруз орасидаги ҳамоқангликни мувофиклаштиришда ғоят гўзал натижаларга эришган.

Тавфиқ Фикрат шеърларининг мавзуси хилмахил. «Сарвати фунун»дан кетгач, ижтимоий санъат тушунчаси билан боғлиқ бўлган ижтимоий шеърлар ёзган («Тутун», «Тонг отса», «Эрта» ва б.). Уларда халқнинг машаққатли ҳаётини тасвирлаган. Баъзи шеърларида эса панднасиҳат биринчи ўринга ўтади. «Рубобиланинг жавоби», «Холуқнинг дафтари», «Жермин» каби қатор шеърий тўпламлари бор.

Loading...