ТАХТАКЎПИР

ТАХТАКЎПИРҚорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманидаги шахарча (1984 й. дан). Туман маркази, Нукус ш. дан 107 км. нарида. Яқин т. й. станцияси Чимбой (55 км). Аҳолиси 17,1 минг киши (2004). Хўжаликлари Қувончёрма каналидан сув олади. «Тахтакўпир» атамасининг келиб чиқишини 20-а. нинг бошларида Қувончёрма каналининг давоми бўлган Босай канали устида хашар йўли билан тахта (ёғоч)дан қурилган кўприк (шевада «кўпир») билан боғлайдилар.

Тахтакўпирда туман ҳокимияти биноси, маъмурий, давлат ва қурилиш ташкилотлари, «Тахтакўпирдон» акциядорлик жамияти, автокорхона, таъмирлаш устахонаси, МТП, «Тахтақишлоқмаш» (Қозоғистон билан) қўшма корхонаси, супермаркет, автовокзал мавжуд. 6 умумий таълим мактаби, мусиқа мактаби, 2 касбҳунар коллежи, кутубхона, маданият саройи, «Оталар чойхонаси», савдо маркази, маданий ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. Теннис корти, стадион, спорт клуби бор. «Доридармон» акциядорлик жамияти, туман марказий касалхонаси, шошилинч тиббий ёрдам маркази, юқумли касалликлар касалхонаси, 3 поликлиника, аёллар консультацияси, 7 дорихона, ва б. тиббий муассасалар аҳолига хизмат кўрсатади. Тахтакўпир — Нукус йўналишида автобуслар қатнови йўлга қўйилган.

Loading...