ТАЯНЧ БУРҒИЛАШ

ТАЯНЧ БУРҒИЛАШ — Ер пўстининг геологик тузилишини чуқур бурғи қудуклари (ўртача 2,5—3,0 км ва ундан чуқур) қазиш билан ўрганиш усули. Қудуқ кесимини геофизик, геокимёвий, гидрогеологик ва б. методлар мажмуаси орқали муфассал ўрганилиши билан бурғилашнинг бошқа турларидан фарқ қилади. Таянч бурғилаш6., асосан, ҳудудларнинг умумий геологик шароитини ўрганиш, нефтьгазлилигини башоратлаш ва баҳолаш учун ишлатилади. Регионал геофизик тадқиқотлар (сейсморазведка, аэромагнитразведка, гравиразведка ва б.) маълумотларига таяниб, структуралар мавжудлиги таҳмин қилинган жойларда амалга оширилади. Бурғилаш ишлари, одатда, кристаллик пойдеворигача, улар чуқур жойлашган жойларда эса, бурғилаш қурилмасининг техник имкониятидан келиб чиқиб бажарилади. Бурғилаш, асосан, керн олиш йўли билан амалга оширилади. Таянч бурғилашда бажарилган тадқиқотлар ёрдамида қатламларнинг геологик ва литологик тузилиши, уларнинг ёши, коллекторлик хусусиятлари, кесимда нефть, газ ва б. фойдали қазилмаларнинг мавжудлиги аникланади. Таянч бурғилаш маълумотларига асосланиб, келгусидаги бажариладиган регионал ва локал геологик қидирув ишлари лойиҳаланади. Хорижда tof жинслари стратиграфияси ва нефтьгазлилигини ўрганиш мақсадида Таянч бурғилашдан фойдаланилади, баъзан улар стратиграфик қудуклар деб ҳам аталади (яна қ. Ўта чуқур бурғилаш). Ҳоз. вақтда Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳудудларида ўрта масштабли (1:200000) геологик съёмкалар ўтказилганлиги муносабати билан Таянч бурғилашдан кам фойдаланилади.