ТЕАТР

ТЕАТР (юн. theatron — томошагоҳ) — 1) санъат тури; унинг ўзига хос ифода воситаси актёрнинг омма олдидаги ўйини жараёнида юзага келадиган саҳнавий воқеадир. Театр санъатида ҳам бошқа санъатларда бўлганидек, халқ ҳаёти, тарихи, дунёқараши акс этиб, жамият тараққиёти, маънавияти, маданияти билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, такомиллашиб боради. Театр асосида оғзаки ёки ёзма драматургия ётади.

Театр синтетик санъат бўлиб, жамият ҳаётида, томошабинларнинг маънавий ва эстетик тарбиясида муҳим ўрин тутади. Унда драматургия, мусиқа, тасвирий санъат, рақс, меъморлик ажралмас бирликни ташкил этади. Театрнинг муҳим воситаларидан бири саҳна нутқидир. Актёр қаҳрамоннинг пьесадаги сўзларини ўзлаштириб олар экан, қаҳрамон қиёфасида, ҳолатларда туриб унинг нутқий тавсифини яратади, бошқа персонажлар билан мулоқотга киришади. Саҳна нутқи характерларнинг очилишида, асар мазмуни, конфликтининг ёритилишида муҳйм ўрин тутади (қ. Саҳна нутқи). Саҳна асарларининг яратилишида театр рассомлиги (сценография)нинг ҳиссаси катта. Рассом асар мазмуни ва реж. ечимидан келиб чиқиб, декорация яратади. (қ. Театр декорацияси санъати). Т. да мусиқанинг ҳам ўрни катта, томоша тури ва жанрига боғлиқ ҳолда у турли вазифани бажаради: драматик спектаклларда ёрдамчи восита бўлса, оперетта, мусиқали драмада сўз билан баробар ҳуқуқга эга, опера ва балетда эса ҳал қилувчи аҳамият касб этади. (қ. Театр мусиқаси).

Театр санъати узоқ тарихга эга бўлиб, унинг асосий унсурлари (бошқа қиёфага кириш, диалог, тўқнашув каби) инсониятнинг ибтидоий даврларида овчилик, меҳнат ва линий маросим, байрамлар билан, тотемизм, анимизм каби ибтидоий дунёқараш ва аждодларнинг руҳларига сиғиниш билан боғлиқ ҳолда шаклланган. Юнонистон, Ҳиндистон, Туронда мил. ав. 5асрдаёқ Театр жамият ҳаётида муҳим ўрин тутган. Ҳиндистонда Театр санскрит Т., халқ Театри шаклларида ҳамда «Маҳобҳорат» ва «Рамаяна» достонлари билан боғлиқ ҳолда ривожланган; драматургия ва саҳна санъати ҳақида «Натьяшастра» номли рисола яратилган. Кейинроқ Театр Яқин Шарқ ва Римга ҳам ёйилди. Айниқса, Римда Театрнинг янги шакл ва турлари яратилди. Ғарбий Европада Театр санъатининг дастлабки намуналари сайёр актёрларжонглёрлар ижодида, Россиядаскоморохлар фаолиятида юзага келган. Уйғониш даврида вужудга келган драма янги шаклдаги профессионал трнинг шаклланишига замин яратди. 16-а. дан опера, 18-а. ўрталаридан балет, 19-а. ўрталаридан оперетта мустақил Театр тури сифатида ривожлана бошлади. Театрнинг кейинги тараққиёти классицизмнинг кенг ёйилиши билан боғлиқ. 18-а. да маърифатчилик оқимидаги Театр тараққий этди. Астасекин реалистик тенденция кучайди. Айниқса, К. Гольцони, Г. Лессинг, П. Бомарше, Ф. Шиллер ижодида реализм ёрқин намоён бўлди. 18-а. нинг охирларига келиб, драма, мелодрама, водевилларда сатирик йўналишнинг юзага келиши Театрда демократик асоснинг кучайишига сабаб бўлди. Театр ғоявий ва бадиий курашлар майдонига айланди.

19-а. нинг 1ярмида вужудга келган романтик йўналиш Театрда гуманистик идеаллар ва кўп ҳолларда хаёлий орзуларнинг ёритилишига олиб келди. Драмада тақлидгўйликдан иборат классицизмга қарши, ўзига хос миллийлик, халқчиллик, тарихийлик ва ижтимоий адолат учун кураш оҳанглари кенг қулоч ёйди. 19а. охирларидан Театрни ислоҳ қилишнинг янги даври бошланди. Театр бадиий адабиёт (проза, поэзия), янги драма (А. Чехов, Г. Ибсен, Б. Шоу ва б.) билан яқинлашди. 19-а. охирларида 20-а. бошларида Театрда, актёрлик санъатида янги таълим услуби Станиславский системасини қўллаш бошланди. 20й. ларда В. Мейерхольд, В. Таиров, В. Вахтанговларнинг реж. лик фаолияти Театрнинг ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилди. 20-а. ўрталарида Ғарб режиссураси ва саҳна санъатига Б. Брехтнинг ижодий услуби катта таъсир кўрсатди. Замонавий Театр дунё театрининг демократик, халқчил анъаналарини муттасил ўзлаштириб бориши, саҳнавий талқинларнинг рангбаранглиги билан ажралиб туради.

Ўзбекистон ҳудудида анъанавий Театр жуда қад. ва бойдир. Унинг куртаклари ибтидоий жамоа давридаёқ ов ва б. мехнат жараёни акс этган тақдидий рақслар, жанговар ва халқ ўйинлари, табиат кучларига топиниш оқибатида юзага келган маросимлар шаклвда намоён бўлган. Мил. ав. 7—6-а. лардаёқ Туронда зардуштийлик ва унинг мукаддас китоблар тўплами — Авесто билан боғлиқ 2 тоифа — кулгили ва қайғули томошалари шаклланган. Юнон — Бақтрия подшолиги даврида Ойхоним, Нисо, Шаҳри Ғулғулада махсус театрлар бўлиб, уларда Еврипиднинг «Алькеста», «Ипполит» каби трагедиялари кўрсатилгани маълум. Мил. ав. 1 а. дан мил. 4-а. гача Кушон давлатида Будда дини билан боғлиқтурли театрлашган томошалар мавжуд бўлган. Айритом ибодатхонаси пештоқидаги чолғучи қизларнинг тасвирлари шуни кўрсатади. Астасекин Турон Т. санъати диний маросимлар қобиғидан чиқиб, дунёвий мазмун касб этади — инсон ҳаёти, ижтимоий муносабатларни тасвирлашга эътибор кучаяди. 6—7-а. лар Турон мулкидан чиққан чолғучилар, актёр ва раққосалар Буюк ипак йўли орқали қўшни юртларга ижодий сафар қиладилар. 9—12-а. ларда халқ байрамлари, маросимлари, урфодатлари ва улар билан боғлиқ томошалар тикланибгина қолмай, аҳоли орасида кенг тарқалди. Масхара ва таклид Театр ривожланди. Амир Темур давлати даври (14 — 15-а. лар)да Театр санъатида кескин юксалиш рўй берди. Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Клавихоларнинг маълумотларича, бу даврда пойтахт — Самаркандда ва б. нуфузли шаҳарларда театрлашган томошалар уюштирилган. Анъанавий Театр ва б. санъат томошалари, айниқса, Мирзо Улуғбек даврида (1394—1449) Мовароуннаҳрда, Ҳусайн Бойқаро даврида (1469 — 1506) Хуросонда тараққий топди. Ғиёс масхара, Хожа Дехдор, Абдулла Девона, Абдулвосеъ Мунши, Сайд Бадр каби Театр санъатининг атоқли намояндалари фаолият кўрсатган. Анъанавий Театрнинг кулгили турлари (масхара, тақлид, зарофат), қўғирчоқ ўйин (чодир жамол, чодир хаёл, фонус хаёл) бадиий томоша тизими сифатида ташкил топди.

18-а. охири 19-а. бошларида Театрнинг асосий турлари сакланиб, репертуар ва ижро услубида ўзига хос хусусиятлар ривожланди. Шаҳарларда ижрочи санъаткорларнинг касабаи созанда (мехтарлик) деган уюшмаларининг фаолияти кучайди. Хоразмда «Хатарли ўйин», «Тўкма» томошалари кенг ёйилди. Фарғона водийси ва Тошкентда қизиқчилик ва аския тараққий этди. 19-а. нинг 2ярмида Қўқонда Зокир Эшон бошлиқ 30 га яқин қизиқчилар тўдаси, Бухорода Тула масхара бошлиқ 20 га яқин масхарабозлар тўдаси шухрат қозонди.

Кейинчалик ўзбек маданиятининг илғор намояндалари (Фурқат, Беҳбудий, Авлоний ва б.) рус, татар ва озарбаижон театр труппалари томошаларига қизиқиш билан қараб, маҳаллий зиёлиларни улардан ўрганишга чақирдилар. Шу тарзда янги миллий Театр яратиш ҳаракати юзага кедди. 1914 й. Самарқанд (15 янв.) ва Тошкент (27 фев.) да «Падаркуш» драмасини саҳналаштириш билан янги ўзбек театри ўз фаолиятини бошлайди. Айниқса, А. Авлоний раҳбарлигида «Турон» Т. ининг 1915 й. Ўзбекистон шаҳарларига килган ижодий сафарининг аҳамияти катта бўлди. 1916 й. Ҳамза Қўқонда Театр тузди. Биринкетин Андижон (1919), Хива (1922), Бухоро (1922)да Театрлар ташкил қилинди. 1918 й. дан Маннон Уйғур «Турон» театри (ҳоз. Ўзбек миллий академик драма театри)га раҳбарлик қилиб, унинг профессионал театрга айланишида, репертуарини тузиш, ижро услубини яратишда муҳим роль ўйнади. Театрнинг биринчи бўғин актёр ва реж. лари 1924 — 27 й. лар Москвада Ўзбек Маориф уйи қошида очилган драмстудияда таҳсил олишган. 20й. лар сўнгида Рус ёш томошабинлар Театр (1928), Ўзбек ёш то, мошабинлар Театр (1929) ташкил топди. Кейинроқ Наманган (1931), Қашқадарё (1932), Сурхондарё (1935) вилояти театрлари, ўнлаб туман ва шаҳар Т. лари юзага келди. Тошкент ва Самарқандда Давлат рус драма театри (1934, 1938). Республика кўғирчоқ театри (1939). Навоий номидаги давлат опера ва балет театри (1939) ўз фаолиятини бошлади, шу йили Давлат комедия театри ташкил бўлди ва у бир йил ўтиб Мукимий номидаги Республика мусиқали драма ва комедия театрига айлантиридди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Москва, Ленинград, Киев, Харьков ш. ларидан кўчиб келган театрлар мамлакатимиз шаҳарларида ўз фаолиятини олиб борди. 50—60й. ларда Ҳамза номидаги академик драма театри ва б. театрларда турли мавзу, сермазмун, ижтимоийпсихологик, маиший ва фалсафий, рангбаранг услубда спектакллар саҳналаштирилди. 1968 й. «Ёш гвардия» театри (ҳоз. Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбек давлат драма театри) ташкил қилинди.

70—80й. лар Театрда зиддиятли давр бўлди; бир томондан, миллий анъаналарга эътибор кучайган бўлса, иккинчидан, дабдабабозлик, ҳаётни хаспўшлаб кўрсатиш авж олди. 1976 й. «Илҳом» театрстудияси иш бошлади. 1986 й. Республика Сатира театри ташкил топди. 80й. ларнинг 2ярмида ҳаётни ҳаққоний акс эттириш, жанрлар рангбаранглиги, томошавийликка интилиш майллари юзага келиб, астасекин кучайиб борди. Бу даврда Аброр Ҳидоятов номидаги Театр етакчи ўринга чиқиб олди.

Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилингач, ўзбек Театри ҳаётида ҳам янги давр бошланди. Истиклол туфайли миллий меросга таяниб ижод қилиш, миллий қадриятлар, анъаналарни тиклашга интилиш жиддий туе олди. Бу даврда ўзбек Театр ида қуйидаги илғор тенденциялар, ижодий изланишлар кўзга ташланади: биринчидан, Театрлар репертуарида тарихий мавзунинг салмоғи ошди. Буюк аждодларимиз — алломалар, шоирлар, давлат арбоблари, лашкарбошиларнинг ҳаёти ва тараққиёт учун курашини ёритувчи ўнлаб саҳна асарлари яратилди. Саҳналарда шўролар даврида ҳатто тилга олиш ман этилган Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким атТермизий, Имом алБухорий каби алломалар, «Авесто» китоби асосида Зардуштий ҳаётини ёритувчи сағна асарлари вужудга келиб, давримиз томошабинлари маънавиятини бойитди, тарихий, диний эътиқодга нисбатан қарашларни ўзгартирди. Айниқса, Амир Темур ва темурийлар ҳақида яратилган 20 га яқин саҳна асарлари маънавий ва маданий ҳаётимизда катта воқеа булди. Иккинчидан, замонавий ўзбек Театр ида тасаввуф билан боғлиқ «Муқаббат султони», «Машраб» (Миллий театр), «Хитой маликасининг сири» (рус театри), «Умар Хайём», «Ато этилган муҳаббат тариқати» (Ўзбекистон ёшлар театри), «На фалакман, на фаришта» (Муқимий театри), «Шайҳ санъон», «Рақсу самоъ» («Эски масжид» театр студияси) каби спектакллар Театр ларимизнинг энг мураккаб мавзуларга дадил қўл ураётганлари, янги манбаларни очаётганларидан далолатдир. Шу йўналишда Алишер Навоий асарларини Театр саҳнасида янгича талқин этиш бошланди. Учинчидан, жаҳон ва миллий мумтоз драматургия намуналарини замонавий талқин ва воситаларда саҳналаштириш бошланди. Навоий, Шекспир, Мольер, Айний, Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Авлоний, Ғафур Ғулом асарларининг саҳнавий талқинлари шундан гувоҳлик беради. Тўртинчидан, Театр ларда илгари қолоқлик белгиси сифатида қараб келинган этнография ва фольклор манбалари воситаларидан фойдаланиш бутун бир услубий йўналиш сифатида кўзга яққол ташланиб, саҳна санъатининг миллий ўзига хослигини кучайтиришга хизмат қилмоқда. «Алпомиш» қаҳрамонлик достони асосида пойтахт ва вилоят Т. лари саҳналарида яратилган 10 га яқин спектакллар ҳам бу йўналишнинг истиқболидан нишонадир. Бешинчидан, драматургия ва Театрда замонавий мавзуларда асарлар яратилиб, саҳналаштириш йилдан йилга сезиларли туе олиб бормоқда. Замонавий мавзулар кўпроқ мелодрама, комедия, трагикомедия жанрлари доирасида ишланмоқда. Айниқса, маишийахлоқий комедиялар Театрлар репертуаридан кенг ўрин эгаллади.

Мустақиллик йилларида Фарғона, Хива, Қарши, Наманган, Термиз ш. ларида қўғирчоқ Театрлари иш бошлади. Аббос Бакиров номидаги жамоатчилик асосида ишлаб келаётган ёшлар театри давлат тасарруфига олиниб, Андижон болалар ва ёшлар театри га айлантирилди (1990).

Ўзбекистонда ўтказилган «Шарқ ва Ғарб» Т. санъати фестивали, «Хумо» халқаро ёшлар театрлари фестивали, «Наврўз», «Андижон баҳори» республика Театр фестиваллари, Германиянинг «Андер Рур» театри билан «Мулоқот» театри студияси ҳамкорлигида тузилган «Ипак йўли — театр саёҳати» лойиҳаси асосида ўтказилаётган икки томонлама анжуманлар, қўғирчоқ Театрлари фестиваллари Театр санъатининг янги ижтимоий шароитда ривожланишида муҳим роль ўйнамоқда. Ўзбек театри жамоалари дунёдаги бир қатор мамлакатларда ижодий сафарда бўлиб, ўзбек Театр санъати ютуқларини намойиш этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1998 й. 26 мартда эълон қилинган «Ўзбекистон театр санъатини ривожлантириш тўғрисида»ги фармони ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг шу асосда қабул қилган «Ўзбектеатр» ижодийишлаб чиқариш. бирлашмаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори Театр санъати стратегиясини белгилаб берди. Шу асосда «Ўзбектеатр» ижодийишлаб чиқариш. бирлашмаси, унинг қошида «Атрмадад» жамғармаси, Театр ижодкорлари уюшмаси тузилди. «Театр» журнали нашр этила бошлади. Мунтазам равишда турли семинар ва фестиваллар ўтказилмоқда. Давлатлараро шартномаларга мувофиқ хорижий мамлакатлардаги ижодий ташкилотлар, халкаро бирлашмалар билан алоқалар ўрнатилмоқда Америкалик реж. Дэвид Каплан, британиялик Майкл Беркут ва б. ўзбек театрида, Б. Йўлдошев Францияда, Н. Абдураҳмонов Исроилда, М. Юсупов АҚШда асарлар саҳналаштирдилар. Ҳамза театри га эски бино ўрнига замонавий муҳташам бино қуриб берилди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2001 й. 21 сентябрда эълон қилинган махсус фармони билан ушбу театрга «Миллий театр» мақоми берилди.

Ўзбекистон Республикасида давлат тасарруфидаги 37 та Театр ва театр студиялар, ўнлаб нодавлат ва хусусий Театрлар фаолият кўрсатади (2004).

Ад.: Авдеев А. Д., Происхождение театра, М. — Л., 1959; Стан иславски й К. С, Собр соч., т. 18, М., 1954-61; Хорижий театр тарихи (русчадан С. Турсунбоев таржимаси), т. 1—2, Т., 1997, 1999; Раҳмонов М ., Ҳамза (ўзбек давлат академик драма театри) тарихи, Театр, 2000; Қодиров М ., Ўзбек театри анъаналари, Театр, 1976; Ўзбек театри тарихи, Театр, 2003.

Муҳсин Қодиров.

Prev Article

ТВОРОГ