ТЕҲРОН — Эрон пойтахти. Мамлакатнинг иқтисодий ва маданий маркази. Эльбурс тоғининг жан. этагида, 1100—1300 м баландликда жойлашган. Иклими субтропик континентал иқлим. Ўртача т-ра янв. да 2°, июлда 29—30°. Ўртача йиллик ёғин 240 мм. Техрон остонининг маъмурий маркази. Аҳолиси 6,7 млн. киши (1997). Транспорт йўлларининг муҳим тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Мамлакатда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулоти қийматининг 1/3 қисми Теҳронга тўғри келади. Машинасозликнинг турли соҳалари, хусусан, автомобилсозлик, тайёр қисмлардан автомобиль йиғиш, радио ва телеаппаратуралар, маиший электр асбоблари ишлаб чиқариш., таъмирлашмеханика, металлсозлик, нефтни қайта ишлаш, цемент, озиқовқат, тўқимачилик, кимё саноати, ойнашиша, чиннифаянс корхоналари бор. Ҳунармандчилик (ёғоч ўймакорлиги, чилангарлик, металл ва заргарлик буюмлари тайёрлаш, гилам тўқиш ва б.) ривожланган.
Теҳрон 12-а. да Рай ш. яқинидаги манзилгоҳ ўрнида барпо қилинган. 14-а. дан йирик савдо марказига айланди. 1722 й. да шаҳарни афғонлар вайрон қилган, бирок, тезда тикланган. 1786 й. да Қожарлар сулоласи ҳукмдори Муҳаммадшоғ Теҳронни пойтахт деб эълон қилган. 1870—72 й. ларда шаҳар анча кенгайди, янги қурилишлар амалга оширилди. Шаҳар 20-а. ўрталаридан тез суръатларда ривожланди. 1943 й. да Теҳронда 3 иттифокчи давлат — СССР, АҚШ, Буюк Британия ҳукумати бошлиқларининг конференцияси (Теҳрон конференцияси) бўлиб ўтган.
Теҳрон янги ва эски шаҳар қисмларидан иборат. Шаҳар кўчалари кенг, замонавий бинолар, маъмурий идоралар, элчихоналар, меҳмонхоналар қурилган. Истироҳат боғлари, хиёбонлар барпо этилган. Меъморий ёдгорликлардан Шоҳ масжид, Мадраса, саройлар сақланган. Гулистон саройида (18-а. охири — 19-а.) олтин, кумушга ўйиб ишланган ноёб буюмлар, гиламлар сақланади. Теҳрон унти, Миллий ва технология унтлари, тиббиёт инти, кутубхоналар, археология, этнография музейлари, картиналар галереяси, опера ва балет театри, санъат мактаби ва ҳ. к. бор.