ТЕЛЕ

ТЕЛЕ, тэлэ — илк ўрта асрларда туркий кабилалар катта бир қисмининг умумий номи. Ушбу этноним илк бора мил. 4-а. га оид Хитой манбаларида учрайди. Улардан маълум бўлишича, мил. 6-а. гача «теле» атамаси Гоби чўлининг шим., Хинган тоғлари (Манжурия)нинг ғарби ва Тяньшан тоғлари атрофидаги кенг ҳудуддан то Орол ва Каспий денгизи бўйларигача тарқалган туркий қабилаларнинг умумий номи сифатида ишлатилган. Ушбу йилномалардан аён бўлишича, Теле кабилалари дастлаб мил. ав. 1минг йилликда ди, чиди номи билан аталган, кейинчалик эса, дили, чилэ, динглинг, гаогюй, сўнгра Теле деб атала бошлаган.

Хитой йилномаларида таъкидланишича, бир қанча қабилалар ўз этник номига эга бўлсалар ҳам, келиб чиқиши жиҳатидан Теле ларга бориб такалиб, қуйидагича номланар эдилар: (вэйхоуйғур), юангэ, сеяньто (сир тардуш), киби, дубо (туба), гулиган (қуриқан), долангэ (теленгут), пугу (буғу), байегу (байирқу), тунло (тўнгра), ҳун, адйе (адиз), сўгйе (изгил), хуейе, байси (оқ си) ва ҳ. к. Суйшу номли хитой йилномасида (7-а.) Т. қабилаларига мансуб 50 та кабила номи келтирилади. Хитой йилномаларида Теле ларнинг тили ҳунларимнг тилига ўхшашлиги қайд қилинади. Ушбу маълумотга асосланилса уларнинг туркий тилли халқ бўлганлиги маълум бўлади.

Теле этноними бўйича турлича фикрлар билдирилган:

1) бир қатор тадқиқотчилар фикрича, Хитой йилномаларидаги Теле атамасининг туркий асли толес (тўлес, тўлас) бўлиб, дастлаб шу шаклда УрхунЭнасой битиктошлари (7—8-а. лар)да учрайди ва Турк хоқрнлиги (6—8-а. лар) ва Уйғур хоқонлиги (8—9-а. лар) даврида ушбу давлатларнинг шарқий қанотини бошқариш улар воситасида амалга оширилган;

2) И. Клюкин ва Л. Потаповнинг фикрича, Хитой манбаларидаги Теле этнонимининг асл туркий шакли тўлас эмас, Теле бўлган; қад. Теле этноними ҳозир ҳам Олтой ва туваликлар орасида мавжуд бўлган телеут, телес этнонимларида кўринади, яъни ушбу этнонимларининг негизи Теле бўлиб, қад. туркмўғул тилларидаги сўз охирида кўплаб ясайдиган қўшимчалар. т. с. ундошлари воситасида телеут ва телесга айланган;

3) ҳоз. япон ва хитой олимларининг фикрича, ди, дили, динглинг, чилэ, теле каби атамалар «турк» этнонимининг турли даврлардаги хитойча талаффузидир;

4) айрим тадқиқотчилар фикрига кўра, Теле атамасининг асли «туро» ёки «тура» бўлиб, қад. Эрон манбаларида, шу жумладан, «Авесто»да кўчманчи қабила сифатида тилга олинган «тур» кабиласи билан алокалидир. Уларнинг фикрича, ушбу «тур» ёки «туро» сўзларидан «турк» этноними шаклланган.

Теле ва тўлас этноними ҳоз. кунда ҳам теле, тели, телес, телек, тўлўс, доолос (дўўлўс), телеут шаклларида бир қанча туркий халклар таркибида учрайди.

Ғайбулла Бобоёров.