ТЕЛЕМЕХАНИКА ТИЗИМИ

ТЕЛЕМЕХАНИКА ТИЗИМИ — масофадан туриб радиоалоқа ёки симли алоқа канали бўйича оператор (компьютер) дан бошқариш объектига сигналлар узатадиган ва қайтган ахборотларни назорат қиладиган техника воситалари мажмуи. Бошкариш пункти (БП), бир ёки бир неча назорат пункти (НП) ҳамда БП ва НП ни уловчи алоқа линиясидан иборат.

Телемеханика тизимининг тўпланган (битта НП чегарасидаги) объектларга ва тарқоқ объектларга мўлжалланган хиллари бор. Биринчи турга мисол сифатида алоҳида қурилиш крани, самолёт ва б. ни бошкариш тизимлари, иккинчи турга газ ва нефть қувурлари, суғориш тизимлари, т. й. узеллари, корхона ва б. ни бошкариш тизимлари киради. Телемеханика тизимида назорат қилинадиган ва бошкариладиган ахборотларнинг барчаси ёки фақат баъзи турлари узатилиши мумкин. Фақат объектларнинг параметрлари ҳақида ахборот узатиладиган Телемеханика тизими телеўлчаш, назорат қилинадиган объектнинг вазияти ҳақидаги ахборот узатиладиганини телесигнализация, фақат бошқариш «буйруклари» узатиладигани телебошқариш тизими деб аталади. Комплекс Телемеханика тизимида назорат ва бошқариш ахборотларининг барча турларини узатиш мумкин.

Телемеханика тизими халқ хўжалиги ва саноатнинг турли соҳаларида, космонавтика, авиация ва б. да кенг қўлланилади (қ. Телемеханика).

Loading...