ТЕЛУГУ (АНДҲРА) ТИЛИ — дравид тилларидан бири. Ҳиндистоннинг АндҳраПрадеш штатининг расмий тили, қўшни штатлар, шунингдек, ШриЛанка, ЖАР, Мьянма, Малайзия, Сингапур ва б. жойларда тарқалган. Ҳаммаси бўлиб 75 млн. дан ортиқ (1996) киши сўзлашади. Телугу (андҳра) тили лаҳжалари 4 гуруҳга бўлинади: шим. шарқий, марказий, шим. ғарбий ва жанубий. Улар ўртасидаги фонетик ва морфологик тафовутлар унча катта эмас. Телугу (андҳра) тилида грамматик жиҳатдан ўзига хос ҳодисалар мавжуд: 1 ва 2 шахс кишилик олмошларининг махсус шакллари, тусланишли ва тусланишеиз феълларнинг айрим кўрсаткичлари. Энг қад. ёдгорликлари 525—600 й. ларга мансуб. Адабий тил 14—17-а. ларга келиб шаклланган ҳамда унга санскрит ва пракрит тиллари кучли таъсир ўтказган. 19-а. бошида Телугу (андҳра) тилининг адабий шакли оғзаки тилдан жиддий фарқ қилиб қолди 19-а. охиридан оғзаки сўзлашув тилига яқин янги адабий тил учун ҳаракат бошланди. Ёзуви браҳмининг жан. шаклидан келиб чиққан.
Ад.: Петруничева 3. Н., Язўк телугу, М., 1960.