ТЕМИР ЙЎЛ

ТЕМИР ЙЎЛ — 1) йўловчи ва юкларни ташийдиган, техника воситалари ва иншоотлари (поездлар, вагонлар, стялар, автоматика ва телемеханика қурилмалари диспетчерлик хизмати ва б.) мажмуи билан жиҳозланган транспорт корхонаси. Вазифасига қараб, умумий фойдаланиладиган (магистрал); саноат транспорти, руда конлари ва б. жойларда ишлатиладиган; шаҳар т. й. (трамвай, метрополитен); излари оралиғининг кенглигига қараб, кенг изли ва тор изли бўлади. Рельслар оралиги 1676 мм (Ҳиндистон, Испания, Аргентина, Чили ва б.), 1520 мм (Россия, Ўзбекистон ва б.), 1435 мм (Европанинг кўпчилик мамлакатлари, Канада, АҚШ), 1067 мм (Япония, Индонезия ва б.);

2) т. й. транспорти қатнайдиган рельсли из; устки қурилма, ер полотноси ва сунъий иншоотлардан иборат. Устки қурилма рельслар, рельс бирикмалари, стрелкали ўтказгичлар, шпал, бруслар ва балласт қатламларидан иборат. Ер полотноси кўтарма ва ўймалардан иборат бўлиб, йўл устки қурилмасига замин бўлиб хизмат қилади. Сунъий иншоотларга Темир йўл кўприклари, тоннеллар, виадук, дренаж қувурлари, тиргак деворлар ва б. киради. Темир йўл ёқалаб йўл белгилари (километрлар, пикетлар ва шу кабилар) ўрнатилади (яна қ. Темир йўл транспорти).

Loading...