ТЕННИС

ТЕННИС, лаунтеннис (инг, lawn — ўтлоқ, майсазор; «теннис» терминининг келиб чиқиши тўғрисида бир неча тахмин бор: франц. tenez — мана, ол; инг. tens — ўнлик, чунки ўрта асрларда теннисга ўхшаш ўйинни беш кишидан, жами ўн киши ўйнаган; инг. tenia — ришта; тўпни тортилган ипдан ошириб ўйналгани учун) — спорт тури, мовут қопланган резина копток ракетка ёрдамида урилиб кортца. ўйналади. Коптокнинг диаметри 6,35—6,67 см, оғирлиги 56,7г. Ёғоч, енгил металл ёки пластмассадан ҳар хил ўлчамда тайёрланган ракеткалар оғирлиги 255—400 г. Ўйин кортнинг орқа чизиғидан рақибнинг тўрга яқин майдончасига коптокни хатосиз узатиш билан бошланади. Копток майдонга тегиб сакрагандан кейин рақиб уни қайтаради (ўйин давомида хам коптокни иккинчи сакрагандан кейин олишга рухсат этилмайди, фақат иккинчи зарбадан бошлаб коптокни кортга туширмасдан ҳам қайтариш мумкин). Геймда ҳисоб 15:0,30:0,40:0 ва ҳ. к. тарзда юритилади, агар 40:40 ҳисоби — «тенг» қайд этилса, кейинги очкони ютган «кўп», ютқизган «кам» бўлади. «Кўп»дан кейин очкони ютган геймни ҳам ютади. Сетда олти гейм (6,0…6:4) ютиш лозим, бордию ҳисоб 6:5 бўлса, ўйин давом эттирилади. 12 геймдан кейин ҳисоб 7:5 бўлса, ғолиб аникланади. Агар 6:6 ҳисоби қайд этилса, «тайбрейк» ўйналади. «Тайбрейк»да ғолиб чиқиш учун 7 очко тўплаш зарур, агар ҳисоб 7:6 бўлиб қолса, ўйин қайсидир томоннинг икки очко ўзиб кетишигача давом этади. Эркаклар ўйинида энг кўп сетлар микдори — 5, аёлларда —3 та. Теннис мусобақалари яккалик, жуфтлик ва аралаш (бир эркак ва бир аёл) тарзида ташкил қилинади.

Теннисга ўхшаш ўйинлар дастлаб Мисрнинг Тинис (Танис) ш. да пайдо бўлган деган тахмин ҳам мавжуд. Бу ўйин 13 — 14-а. ларда Италия, Франция, Англияда оммалашди. Францияда роҳиблар 5 тадан бўлиб кафтларида Теннисга ўхшаш ўйин ўйнашган. 16-а. дан бошлаб ўйинда дастлабки ракеткалар қўлланилди. Замонавий Теннис қоидаларини англиялик Вольтер Уингфильд ишлаб чиққан (1874). Шу қоидалар асосида «Уимблдон» турнири (Англия) 1877 й. дан, АҚШ очиқ чемпионата 1881 й. дан, «Роллан Гаррос» турнири (Франция) 1891 й. дан, Австралия очиқ чемпионата 1905 й. дан ўтказилиб келинади (ҳозирги кунда бу мусобақалар «Улкан тож» мусобакдлари дейилади).

Теннис 1896 й. Олимпиада ўйинлари дастурига киритилган. Америкалик Дуайт Филли Дэвис ташаббуси билан 1900 й. дан жамоалар ўртасида норасмий жаҳон чемпионати ҳисобланмиш Дэвис кубоги ўтказилади. 1912 й. халқаро лаунтеннис федерацияси (ILTF)ra асос солинди (1977 й. да Халқаро теннис федерацияси — ITF деб ўзгартирилди). 1965 й. да Халкаро профессионал теннисчилар ассоциацияси (1АРТ) тузилди, У 1972 й. да Профессионал теннисчилар ассоциацияси (АТР) га айлантирилди. АТР ҳар йили 4 тоифага бўлинган 77 та мусобақа ўтказади. 1963 й. да Аёллар теннис ассоциацияси (WTA) ташкил қилинди. Ҳозирги кунда WTA 54 та мусобақа ташкилотчисидир (2004). Теннис АҚШ, Австралия, Аргентина, Буюк Британия, Германия, ЖАР, Испания, Франция каби давлатларда яхши ривожланган. Бьёрн Борг (Швеция), Жон Макинрой (АҚШ), Иван Лендл (Чехия), Борис Беккер (Германия), Пит Сампрасс (АҚШ), Мартина Навратилова (АҚШ), Штеффи Граф (Германия), Мартина Хингис (Швейцария) каби Теннис усталарининг номи машҳур.

Ўзбекистонда Теннисга ўхшаш ўйинлар қадимдан ўйналган. Хусусан, «бир таёқ» халқ ўйинида Теннисга хос жиҳатлар мавжуд. Замонавий Т. Ўзбекистонга 20-а. нинг бошларида кириб келди. Мамлакат микесидаги мусобақаларда В. Пушкарев, Ш. Чебатарев, С. Обидов, Р. Ялалова каби теннисчилар муваффақиятли қатнашиб, спорт устаси талабини бажаришди. Республикамизда Теннис 20-а. нинг сўнгга ўн йиллигидан бошлаб кескин ривожланди. Мустақилликка эришган Ўзбекистоннинг деярли ҳамма шаҳарларида замонавий Теннис кортлари бунёд этилди. Тошкент, Фарғона, Самарканд, Наманган, Андижон ш. ларидаги бу спорт иншоотларида теннисчилар ва Теннис мухлислари учун барча қулайликлар яратилган. 1992 й. да Ўзбекистон федерацияси тузилди ва ўша йили 1ТҒ аъзолигига қабул қилинди. 1994 й. дан Ўзбекистон Дэвис кубоги мусобақаларига кушилди, теннисчиларимиз Осиё ўйинлари, қитъа чемпионатлари, олимпиада ва б. халқаро мусобақаларда иштирок эта бошладилар. Тошкентда профессионал теннисчилар ўртасида «Президент кубоги» халқаро мусобақасининг ўтказилиши (1994 й. дан) Ўзбекистонда бу спорт турининг юксалиш даврини бошлаб берди. Кейинроқ бу мусобақа АТР тур доирасига киритилди ва жаҳоннинг энг кучли теннисчилари Ўзбекистон пойтахтига ташриф буюришди. 1996 й. да Тошкентда аёллар ўртасида Челленжер мусобақаларига асос солинди ва у WTA туркумидаги мусобақалар орасидан жой олди. Вилоят марказларида ҳам Фьючерс, Челленжер мусобақалари ўтказила бошланди. 1997 й. дан раҳбар ҳаваскор теннисчилар ўртасида «Ҳавас» мусобақаларининг бошланиши Тенниснинг янада оммалашувида мухим роль ўйнади. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасидатеннисни ривожлантиришни қўллабқувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида» (1997 й. 25 авг.) ва «Ўзбекистон Республикасида теннисни янада ривожлантириш чоратадбирлари тўғрисида»ги (1998 й. 11 сент.) карорлари Тенниснинг тараққиётига қулай шартшароит яратди. 1998 й. 20 мартдан «TennisҚ» газетаси чиқарила бошланди. 2001 й. дан Дэвис кубоги тартиби бўйича вилоят жамоалари ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўтказиляпти. Мамлакатнинг барча вилоятларида республика Т. федерациясининг бўлимлари бор. 47 та Теннис клуби, Теннисга ихтисослашган 76 та болаларўсмирлар спорт мактаблари фаолият кўрсатяпти. Ўзбекистонда 15 мингдан зиёд киши Теннис билан шуғулланади, уларга 241 мураббий сабоқ беради (2004). И. Тўлаганова, В. Куценко, О. Огородов, И. Исроилова, О. Омонмуродова Осиё ўйинлари, қитъа чемпионати, универсиада, халқаро мусобақаларда ғолибсовриндор бўлишди. Бу теннисчиларнинг ғалабасида В. Пушкарев, А. Ёлхин, Ф. Султонбеков, Ҳ. Шафикрв каби мураббийларнинг ҳиссаси бор.

Ад.: Мустафин Р., Султонбеков Ф., Теннис, Теннис, 1993; Янчук В., Яковенко В., Большой мир большого тенниса, Теннис, 1998; Жумаев К., Мўминов А., Юнусобод теннис клуби, Теннис, 1999.

Loading...