ТЕНОЧТИТЛАН

ТЕНОЧТИТЛАН (Tenochtitlan) ацтеклар давлати пойтахти (14—16-а. лар). Ривоятларга кўра, Тескоко кўлининг ғарбий қисмидаги оролда 1325 й. барпо этилган. Шаҳар харобаси майд. 1000 га ни ташкил этган. Теночтитланни кўплаб каналлар кесиб ўтган, шаҳар кўтарма кўприклари бўлган 3 та дамба ёрдамида қуруклик билан боғланган. Шаҳар 4 рн — Куэпопан, Теопан, Мойотлан ва Астакалькога, улар эса ўз навбатида хар бири 5 квартал (маҳалла)га бўлинган. Теночтитлан марказида маҳобатли ибодатхоналар (бош ибодатхонанинг бал. 30 м), ҳукмдорлар ва зодагонлар саройлари жойлашган; шаҳар доирасида ҳунармандларнинг махсус маҳаллалари — Амантлан ва б. мавжуд бўлган. Мексика испан босқинчилари томонидан босиб олинаётган вақтда Теночтитлан буткул вайрон қилинган (1521) ва унинг харобалари ўрнида Мехико ш. га асос солинган.

Жавли Турсунов.

Loading...