ТЕРЕККОН ОЛТИН КОНИ — Қирғизистон Республикаси Ўш вилояти ҳудудидаги кон, Чатқол тоғ тизмасининг жан. қисмида жойлашган. Геологик жиҳатдан протерозой даврига мансуб мармарлашган оҳактошлар ва уларни қоплаб турувчи кварцслюдали сланецлар бағридан ўрин олган. Кон ҳудудида бир неча руда таналари мавжуд, улардан иккитаси энг йирик бўлиб, саноат аҳамиятига молик (ўртача 4,8 г/т), олтин захираларининг деярли 90% ини ўзида жамлаган. Руда таналари оралиғи 20—30 м бўлиб, параллел жойлашган, уларнинг уз. 250 м гача, чуқурлиги 300 м гача, ўртача қалинлиги 3,5 м. Уларнинг ётиш қиялиги 10—30°. Сухар тоғининг асосини ташкил қилувчи брахиантиклиналнинг шарқий қанотида ривожланган синиқлар билан боғлиқ. Шакли линзасимон ва томирсимон. Олтин рудасининг асосий уюмлари кварцслюдали сланецлар остида ривожланган кварцли брекчияларда учрайди. Бу руда таналарининг (олтиннинг ўртача микдори 9,3 — 26,3 г/т гача) шакли кичик уячасимон бўлиб, олтин руда танасида нотекис таркалган. Коннинг генезиси — гидротермалметасоматик; олтин асосан, арсенопирит, пирит ҳамда пирротинлар билан боғлиқ; улардан ташқари антимонит, сфалерит, киноварь минераллари, хира рудалар ҳам учрайди. Кон 1950-й. лар охиридан бошлаб ўзлаштирилмоқда.