ТЕРИ КАСАЛЛИКЛАРИ

ТЕРИ КАСАЛЛИКЛАРИодам ва ҳайвонлар организмидаги шиллиқ қаватлар, тери ҳамда унинг ҳосилалари (соч, тирноқ) патологик ўзгариши билан ифодаланадиган касалликлар гуруҳи. Одамда учрайдиган Тери касалликлари тошма тошиши, доғ, пуфакча, тугунча, қипиқланиш, яраланиш, терининг шилиниши, ёрилиши ва б. тарзида намоён бўлади. Ташқи муҳитдаги ҳар бир физик ва кимёвий омиллар терида турли яллиғланишлар (дерматитлар) пайдо бўлишига олиб келади; булардан қавариш, бичилиш, совқотиш, куйиш бирмунча кўпроқ учрайди. Терининг талайгина касалликларига биологик омиллар, микроскопик замбуруғлар (қ. Терининг замбуруғли касалликлари), бактериялар, ҳайвон паразитлари (қ. Қўтир) ва вируслар (қ. Сўгал, Учуқ) сабаб бўлади.

Ички омиллар: маҳаллий, инфекция ўчоғи бўлиши (мас., муртак безлари, қовуқда), ички аъзолар (меъда, буйрак, жигар) касалликлари экзема, эшакем каби аллергик тавсифдаги (қ. Лглергия) Тери касалликларига олиб келиши мумкин. Организмда оқсил, углевод ва ёғ алмашинувининг бузилиши, шунингдек, витаминлар етишмаслиги, нерв (мас., нейродермит) ва эндокрин система фаолиятининг бузилиши (мас., себорея, ҳуснбузар), томирлар, қрн яратиш аъзолари ва б. нинг зарарланиши натижасида ҳам Тери касалликлари юзага келиши мумкин. Буларнинг ҳаммаси терида яллиғланиш, қон қуйилиши, пигментация ва мугузланишнинг бузилиши, теридаги айрим тузилмалар (бириктирувчи тўқима толалари, ёг ва тер безлари, соч пиёзчаси ва б.)нинг нобуд бўлиши, қон айланиши ҳамда тери озикланишининг издан чиқиши каби патологик ўзгаришларга сабаб бўлади. Бунда терига ҳар хил катталикда тошмалар тошиши (дерматозлар), тугунчалар пайдо бўлиши, баъзан бу тугунчалар ичида қон ёки йиринг тупланиши мумкин. Тошмалар қичишиши, ачишиши, баъзилари беморни мутлақо безовта қилмаслиги мумкин. Инфекцион (қ. Ич терлама, Қайталама терлама, Скарлатина, Чечак ва б.), шунингдек, венерик касалликларда ҳам терига тошмалар тошиши кузатилади. Тошмалар табиатини фақат мутахассис врач тўғри аниклаб, диагноз қўйиши ва даво тайинлаши мумкин. Ўз билгича даво қилиш турли кўнгилсизликларга олиб келади. Шунинг учун Тери касалликларига хос дастлабки аломатлар пайдо бўлганда, албатта, врачга мурожаат этиш ва унинг маслаҳатларига бекаму куст амал қилиш лозим.

Тошкент ш. даги Дерматология ва венерология илмий тадқиқот институтида олимлар (С. Арифов, Э. Эшбоев, П. Менлиқулов ва б.) томонидан Тери касалликлари устида илмий изланишлар олиб борилади.

Ад.: Арифов С, Эшбоев Э., Тери ва таносил касалликлари, Тери касалликлари, 1997; Арифов С, Фотодермозлар, Тери касалликлари, 2000.