ТЕРМИЗИЙ Абу Исо

ТЕРМИЗИЙ Абу Исо, Имом Термизий (тўлиқ номи Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн Захдок Сулламий Буғий Термизий) (824, Термиз — 892, Буғ қишлоғи, ҳоз. Шеробод тумани) — буюк муҳаддис. Сулламий деб нисбат берилишига сабаб боболаридан бири суллам деган араб қабиласига дўст тутинган, Буғий дейилишига сабаб ўша вақтдаги Бут номли қишлоқда вафот этиб, шу ерга дафн қилинган. Умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолгани учун адДарир тахаллуси билан хам аталган. Термизийнинг ёшлик йиллари Термиз ш. да ўтган, дастлабки маълумотни ҳам шу ерда олган. Болалигидан ўта зийраклиги, хотирасининг кучлилиги, ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган. Диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан ўрганган, бу борадаги билимларини янада ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларига борган. Узоқ йиллар Ироқ, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Узоқ давом этган сафарлари чоғида қироат илми, баён, фикд, тарих, айниқса, ўзи ёшликдан қизиққан ҳадис илми бўйича ўша даврнинг йирик олимларндан таълим олади. Машҳур муҳаддислардан Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Қутайба ибн Сайд, Исҳоқ ибн Мусо, Махмуд ибн Ғайлон ва б. унинг устозлари эди.

Т. Имом Бухорий билан учрашганида (бу учрашув Нишопурда бўлган ва икки аллома 5 й. биргаликда яшашган) қадиснинг матнинигина эмас, унинг ҳикмати ва фалсафасини тушуниб етганини эътироф этади. Ўз навбатида Имом Бухорий ўз шогирдини мақтаб, камтаринлик билан: «Сен мендан баҳра топганингдан кўра мен сендан кўпроқ баҳра топдим», деган. Бу Т. га берилган жуда катта баҳо эди.

Термизий йўлда, сафарда бўлганда ҳам, ёки бир жойда муқим турганда ҳам устозларидан, учратган ровийлардан эшитган ҳадисларни ёзиб олар, уларни тартибли равишда алоҳидаалоҳида қайд қилиб борарди. 868 й. хориж сафаридан ўз юртига қайтган Термизий илмийижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди ва йирик муҳаддис олим, имом сифатида шуҳрат қозонди. Тақводорлик, ислом дини ва ўз обрўсига гард юқтирмасликка интилиш, дунё молматоси ва бойликка бепарво қараш, охиратнинг ғамини ейиш Термизийнинг ҳаёти тарзи эди. Термизийнинг шогирдлари унинг ишларини давом эттирди. Улар ичида Макҳул ибн алФадл, Муҳаммад ибн Махмуд Анбар, Ҳамод ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад Насафий, Ҳайсам ибн Кулайб Шоший, Аҳмад ибн Юсуф Насафий ва б. ни кўрсатиш мумкин.

Термизий қаламига мансуб асарларнинг аксарияти бизгача етиб келган. «АлЖомиъ ассаҳиҳ» («Ишонарли тўплам»), «ашШамоил аннабавия» ёки «АшШамоил аннабий саллолоҳу алайҳи ва саллам» («Пайғамбар алайҳиссаломнинг шакл ва сифатлари»), «алИлал филҳадис» («Ҳадислардаги иллатлар»), «Рисола филхилоф валжадал» («Ҳадислардаги ихтилоф ва баҳслар ҳақида рисола»), «атТаърих» («Тарих»), «Китоб уззуҳд» («Зоҳидлик китоби»), «Китоб уласмо валкуно» («Исмлар ва кунялар китоби») ва б. Т. нинг асарлари ичвда энг машҳури, шубҳасиз, «алЖомиъ ассаҳиҳ» бўлиб, 6 та ишончли ҳадислар тўпламидан биридир. Ушбу асар илмий манбаларда «Жомиъ атТермизий», «Саҳиҳи Термизий», «Сунани Термизий» номи билан ҳам аталади. Термизийнинг муҳим асарларидан яна бири «ашШамоил аннабавия» Муҳаммад (ас)нинг шахсий ҳаёти, у зотнинг суврат ва сийрати, ажойиб фазилатлари, одатларига оид 408 ҳадиси шарифни ўз ичига қамраган манбадир. Бу китоб азаддан исломшунос олимлар, тадқиқотчиларнинг диққатини ўзига тортиб келади. Араб тилида битилган ушбу асарга бир қанча шарҳлар ҳам ёзилган. Унинг тили равон, услуби ғоятда оддий. Асар форс ва турк тилларига таржима қилинган. «АшШамоил аннабавия»нинг 1-қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар пайғамбарнинг суврат (ташқи қиёфаси) ига, 2қисмида келтирилган ҳадиси шарифлар эса ички дунёсию, ахлоқий фазилатларини баён қилишга бағишланган. Китобнинг 16-а. га оид бир қўлёзмаси Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланади. «АшШамоил аннабавия» ўзбек тилига ўгирилиб сўнгги йилларда Тошкентда бир неча бор нашр этилди. 1990 й. Т. таваллудининг 1200 йиллиги юртимизда кенг нишонланди. Мустақиллик йилларида Термизийнинг ёдгорлик мажмуаси қайтадан таъмирланиб, қутлуғ зиёратгоҳга айлантирилди.

Ас: Сунани Термизий, 1ж., Т., 1999; Шамоили Муҳаммадия, Термизий, 1991; Саҳиҳи Термизий, Термизий, 1993.

Ад.: Буюк муҳаддислар (Имом алБухорий, Имом Муслим, Имом атТермизий), Т., 1998; Буюк алломаларимиз, Термизий, 2002; Уватов У., Донолардан сабоклар, Термизий, 1994.

Убайдулла Уватов.

Loading...