ТЕРВЕЛХОН — Биринчи Булғор подшолигинмнг иккинчи ҳукмдори (701 — 718). Аспарух вафотидан кейин тахтга чиққан. Дуло сулоласидан. 705 й. Византиянинг собиқ императори Юстиниан II ҳокимиятини тиклашга ёрдам берган. Бунинг эвазига Юстиниан II унга «қайсар» («кесар») унвонини ва Загора вилоятини берган. 717—718 й. ларда Тервелхон Византия пойтахти Константинополни қамал қилган арабларни тормор келтирган ва бу билан Византияни улар хавфидан халос этган. Тервелхон даврида Булғория қудратли давлат бўлиб, Византия унга ўлпон тўлаб турган. Унинг вафотидан кейин мамлакатда ҳокимият учун урушжанжаллар бошланиб кетган.
Ад.: Краткая история Болгарии, М., 1987.