ТЕХНИК ДИАГНОСТИКА

ТЕХНИК ДИАГНОСТИКА — машиналар, қурилмалар, техник тизимлар, уларнинг қисмлари, элементлари ва б. да нуқсонлар ва бузилишлар мавжудлигини ифодаловчи аломатларни аниқлаш ва урганиш. Машиналар, қурилмалар ва техник тизимларнинг рисоладаги иш маромлари ёки ҳолатларидан муайян даражадаги оғишларни олдиндан билиш, олдини олиш ва бартараф қилиш мақсадида ўтказилади. Техник диагностика назорат қилинаётган объект (машина, қурилма, телевизор ва б.)ни ташқи кўздан кечириш, махсус диагностика аппаратлари ёки диагностика дастурларидан фойдаланиш йўли билан амалга оширилади. Ҳаракатланувчи объектлар (автомобиллар, мотоцикллар, тракторлар ва б.) махсус устахоналар ёки таъмирлаш корхоналаридаги диагностика пунктларида, муқим (қўзғалмас) объектлар (станоклар, техник тизимлар ва б.) турган жойида Техник диагностикадан ўтказилади. Назорат қилинаётган объект ва уни текшириш воситалари (аппаратлари ва б.) биргаликда диагностика тизимини ташкил қилади. Улар ўзаро таъсирлашиб, диагностика алгоритмини амалга оширади. Натижада объектнинг техник ҳолати тўғрисидаги хулоса тузилади (мас., «машина бузуқ эмас», «станок ишга яроқсиз», «телевизорда частоталар детектори ишдан чиққан» каби хулосалар қайд қилинади). Техник диагностикани амалга ошириш учун объектнинг математик модели (унинг рисоладаги ва бузуқ ҳолатлари баёни) ни тузиб олиш усулидан ҳам фойдаланиш мумкин. Мас., шовқин билан ёки титраб ишловчи объектларни текширишда шовқин ёки титраш эгри чизиқлари (акустик Техник диагностика усули), микроэлектрон технология ёки пайвандлаш жараёнида объектларни рентген нурларида тасвирлаш модель вазифасини ўташи мумкин.

Диагностика воситаларини аппаратли, дастурли ва дастураппаратли турларга бўлиш мумкин. Ҳозир Техник диагностиканинг компьютерли ва рақамли воситаларидан кенг фойдаланилади. Техник диагностика техник объектларнинг ишончлилигини таъминлаш ва рисоладагидек тутиб туришда жуда муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Услубий жиҳатдан Техник диагностиканинг тиббий диагностика билан умумий томонлари мавжуд (қ. Диагностика, Диагностика воситалари).

Loading...