ТЕХНОГЕН САНЪАТ

ТЕХНОГЕН САНЪАТ — 19-а. охири — 20-а. санъатида илмфан ва техника (фотография, электр, электроника, микротехнология ва б.) ривожи натижасида қарор топган янги йўналиш. Техноген санъат бадиий ижоднинг бошқа шаклларида қўлланиладиган воситалар (ранг, композиция, драматургия ва б.) билан бирга янги (ракурс, монтаж, овоз ёзиш, янги овоз ва рангларни яратиш каби) техник имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳисобига муайян ифодавий натижаларга эришиб, уларни оммавий алоқа воситалари (медиа шакллари — босма нашр, радио, граммёзув, телевидение ва б.) ёрдамида кўпайтиради ва таркатади. Техноген санъат тизимида синтетик (қоришма) бадиий шакллар (фото санъати, кино, телевидение, электрон мусиқа, лазер мусиқаси, компьютер графикаси, WEBдизайн ва б.) юзага келди. Мазкур жараёнда янги ижод шакллари ва ихтисосликлар (кинооператорлик, овоз режиссураси ва б.), махсус жиҳозланган студиялар (фотостудия, киностудия, мусиқий студия, овоз ёзиш студияси, вебдизайн студияси ва б.), фаннинг янги йўналишлари (психоакустика, компьютер мусиқаси технологияси каби) ривож топди. Ўзбекистонда Техноген санъат ривожига катта аҳамият берилиб, Техноген санъат йўналишлари давлат (олий ва ўрта махсус) таълим тизимига киритилган.

Олимжон Беков, Фарида Сабитова.

Loading...