ТЕХНОЛОГИЯ

ТЕХНОЛОГИЯ (юн. techne — санъат, моҳирлик, уқув ва…логия) — саноат, қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги. ва б. соҳаларда маҳсулотлар олиш, уларга ишлов бериш ва уларни қайта ишлаш усуллари тартибга солинган тизим; шу усулларни ишлаб чиқиш, жорий қилиш ва такомиллаштириш билан шуғулланадиган фан. Ҳар бир соҳанинг ўзига хос Технологияси бўлади: кон ишлари Технологияси, машинасозлик Технологияси, қурилиш Т. си, қишлоқ хўжалиги. Технологияси ва б.

Мас., қурилиш ишлари Технологияси бир қанча операциялар йиғиндисидан ташкил топган: ер ишлари (ерни текислаш, котлован ва траншеялар казиш); пойдевор ётқизиш; девор тиклаш (ғишт териш, панель ўрнатиш); антисейсмик белбоғлар ва темирбетон устунлар ишлаш; қаватлараро ва том ёпмаларини монтаж қилиш, том ёпиш; электр, газ ва сув тармоқларини ўтказиш; пардоз ишлари ва ҳ. к. Ҳар қайси операцияни ўзига хос бажариш усуллари бор. Мас., пардозлашда аввал девор текисланади (маяклар ўрнатилади), қора сувоқ, кейин тоза сувоқ қилинади, сўнгра оқланади (бўёқ берилади) ёки гулқоғоз (обой) ёпиштирилади.

Амалда технологик жараёнлар қанчалик пухта ишланган, тавсия этилаётган усуллар чуқур тажриба ва илмий ёндашувга асосланган бўлса, тайёрланадиган маҳсулот (автомобиль, бино ёки иншоот ва 6.) шунчалик сифатли бўлади. Технологиянинг фан сифатидаги роли ва вазифаси маҳсулот тайёрлашнинг энг замонавий ва самарали усулларини яратишдан иборат. Фан ва техника ривожланиб борган сари Т. ҳам янгиланиб ва ўзгартириб турилади. Ҳар қайси соҳада Технологияни ишлаб чиқиш учун технологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш, типавий технологик жараёнлар, стандартлаштирилган жиҳозлар ва ускуналардан фойдаланишнинг ягона тартиби бўлиши лозим.

Loading...