ТЕЗЛАТКИЧЛАР

ТЕЗЛАТКИЧЛАР (ядро физикаси да) — электр майдони ёрдамида юқори энергияли зарядланган зарралар (электронлар, протонлар, атом ядролари ва б.) олиш учун мўлжалланган қурилмалар. Зарралар қурилманинг вакуум камерасида ҳаракатланади; уларнинг ҳаракати (траекторияси шакли)ни магнит майдони (баъзан, электр майдони) билан бошкариб турилади. Зарраларнинг траекториясига кура, Тезлаткичлар циклик ва чизиқли, тезлатувчи электр майдони характерига кўра, резонанс ва норезонанс турларга бўлинади (норезонанс Тезлаткичларнинг индукцион ва юқори вольтли хиллари бор). Циклик Тезлаткичлар жумласига электронлар Тезлаткичлари (бетатрон, микротрон, синхротрон) ва оғир зарралар (протонлар ва б.) Т. и (синхрофазотрон, фазотрон, циклотрон) киради. Бетатрондан бошқа барча циклик Тезлаткичлар резонанс Тезлаткичлар ҳисобланади. Юқори вольтли чизикли Тезлаткичлар энергияси 30 МэВ бўлган жадал зарралар дастасини ҳосил қилади. Энг юқори (20 ГэВ) энергияли электронларни резонанс Тезлаткичлар, энг юқори (500 ГэВ) энергияли протонларни синхрофазотронлар ҳосил қилади. Бирламчи тезлатилган зарралар дастасидан ташқари, Тезлаткичлар бирламчи зарраларни моддалар билан ўзаро таъсиридан ҳосил бўлувчи иккиламчи зарралар (мезонлар, нейтронлар, фотонлар ва б.) дастаси манбаи ҳам ҳисобланади. Узбекистанда ионлар, протонлар ва гелий ионларидан ташкил топган 209 МэВ ли У115М тезлаткичлар, шунингдек, 14 МэВ ли НГ150 тез нейтронли тезлаткичгенератор, 50 МэВ ли СБ50 катта токли бетатрон, ток кучи 20 МкА ва энергияси 2 МэВ ли ЭГ2 электростатик генератор ва ток кучи 10 мкА, қуввати 22 МэВ ли МТ22С микротрон мавжуд.

Тезлаткичлар ҳозирги замон физикасининг асосий қурилмаларидан бири. Юқори энергияли зарралар дастасидан элементар зарраларнинг табиати ва хоссаларини тадқиқ қилишда, атом ядроси ва қатгиқ жисм физикасида, дефектоскопияда, беморларни нур билан даволаш ва б. соҳаларда фойдаланилади.

Loading...