ТИБЕТ ТОҒЛИГИ

ТИБЕТ ТОҒЛИГИ — Марказий Осиё, асосан, Хитойда. Ер шаридаги энг катта ва баланд тоғлардан. Майд. 2 млн. км2, бал. 4000—5000 м, баъзи тизмаларнинг бал. 6000—7000 м. Ҳимолай, Қорақурум, Куньлун, СинаТибет тоғлари билан чегараланган. Тибет тоғлигининг шим. ва марказий қисми (маҳаллий номи Чангтан) бир оз тўлқинсимон ёки ясси текислик бўлиб, кенглик бўйлаб чўзилган ва қия ён бағирли тоғ тизмаларидан иборат. Айрим чўққиларининг рельефи альп типли. Тангла, Кайлас ва б. тизмаларида музликлар бор. Тоғлик чеккаларидаги тизмаларнинг ён бағрилари тик, рельефи кучли парчаланган, даре водийлари тоғларни 2—3 минг м чуқурликкача ўйиб тушган.

Тибет тоғлиги Ўрта денгиз геосинклиналь минтақасида жойлашган. Унинг турли қисмида геологик ривожланиш тарихи ҳар хил. Кайнозой ўрталаригача Тибет тоғлиги, асосан, чўккан, кўп қисмида чўкинди жинслар тўпланган. Кайнозой охирларидан ёппасига кўтарила бошлаган. Кучли зилзилалар бўлиб туриши, ёш вулкан конуслари ва қайноқ булокларнинг мавжудлиги тоғ ҳосил бўлиш жараёнининг давом этаётганлигидан дарак беради. Фойдали қазилмалардан олтин, касситерит, полиметалл рудалар, тошкўмир конлари топилган. Оқмас кўлларда сода ва б. минералларнинг катта захиралари мавжуд.

Тибет тоғлиги материк ичкарисида жойлашганлиги ва жуда баланд бўлганлиги сабабли иклими кескин континентал ва совуқ. Чангтанда ўртача йиллик т-ра 0 — 5°, қиш узоқ давом этади, —32° гача совуқ бўлади, ёғин кам ёғади. Ёз эса салқин, июлда ҳам баъзан тупроқ қатлами музлайди. Тибет тоғлигининг жан. да иклим нисбатан илиқроқ, янв. ойининг траси 0° дан —20° гача, июлники 5—15°. Тоғликнинг жан. ва шаркидаги тизмалар океандан келадиган нам ҳаво массаларини тўсиб туради, аксари қисмида йиллик ёғин 100—200 мм (асосан, крр шаклида), жан. да ёзги муссон таъсирида 500—700 мм ёғади. Иқлимининг қуруқлиги натижасида қор чизиғи 5000—6000 м баландликдан ўтади. Тибет тоғлигининг муссон таъсиридаги қисмидан Хуанхэ, Янцзи, Меконг, Салуин, Браҳмапутра, Ҳинд каби йирик дарёлар бошланади. Дарёлари, асосан, қор ва музликлардан, жан. да эса ёмғирдан сув олади. Гидроэнергия захирасига бой. Тибет тоғлигида кўл кўп, улар тектоник ботиқларда жойлашган. Йирик кўллари: Намцо, Селлинг, Данграюм. Кўллари саёз ва суви шўр, нояб. дан май ойигача музлайди. Тибет тоғлигининг тупроклари баланд тоғ дашти ва чулига хос шағал аралаш тупроқ, кам чириндили. Айрим жойларда тупрок, қатлами ва ўсимликлар умуман йўқ. Чекка қисмида унумдор тоғ ўтлоқдашт ва тоғўтлоқ тупроклар тарқалган. Катта майдонларни баланд тоғ чўли ва чала чўли қоплаган, сийрак ўт ва буталар усади. Даре водийлари бутазор ва тўқайзор. Чорвачиликда, асосан, яйлов сифатида фойдаланилади.

Loading...