ТИК (франц. tic — учиш, пирпираш) , мускул учиши — айрим ёки бир гуруҳ мускулларнинг ихтиёрсиз тез-тез такрорланадиган қисқариши. Аксари юз, бўйин, кул мускуллари, баъзан тил мускуллари ва диафрагма ҳам учади. Турли кишиларда Тикнинг ташки аломатлари турлича, бирок, битта кишининг ўзида, одатда, бир хил намоён бўлади, яъни ҳар бир такрорланган хуружда ўша бир хил мускулларнинг ўзи учади. Мас., кишининг юз мускуллари учганда тўсатдан пешонасини тириштиради, қошларини чимиради, кўзини қисади, бурнини қимирлатади, лабини чўччайтиради, бу хилдаги қисқариш юз мускулларининг ярмида ёки ҳаммасида рўй бериши мумкин; бўйин мускуллари Тик ида бемор бошини кўйлак ёқаси сиққандек буради ёки елкаларини эгнига ўхшовсиз ўтирган кийимни тузатгандек ҳаракатлантиради. Оғиз мускуллари ва ҳиқилдоқ Т. ида тилини тақиллатади, лабини чўлпиллатади, ялайди, чайналади. Тик нафас мускулатурасига тарқалганда бемор томоғини қириб йўталади, пишиллайди ёки тумовдаги каби бурни билан тез-тез нафас олади. Баён этилган ихтиёрсиз ҳаракатлар кўпинча боши шикастланиб ёки бош мияси ҳамда пардаси яллиғланиб тузалган одамларда учрайди. Бироқ Тик қаттиқ изтироб чекиш, болаларда ёки катталарда кучли қўрқиш, узоқвақт толиқиш ва дармонсизланиш ёки сурункали касаллик, невроз оқибатида келиб чикиши мумкин. Баъзи холларда юзнинг ғайриихтиерий ҳаракатлари уч шохли нерв невралгиясида оғриқ хуружи вақтида пайдо бўлади, бу оғриқли Тик дейилади. Бундай Тикка уч шохли нерв қўзғалишининг юз нервига таъсир этиши сабаб бўлади.
Тикни келтириб чиқарган сабабига кура врач даволайди.