ТИЛЛАКОРИ МАДРАСА — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик. Регистон ансамблица Улуғбек даврида бунёд этилган Мирзойи карвонсаройи (15-а.) ўрнида Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий Баҳодир Мадраса ва жоме масжид қурдирган (1641—46). Карвонсарой асоси устига Мадраса (шим. шарқий қисмида), ҳужралар ўрнида пештоқ гумбазли масжид (ғарбида) жойлашган. Дастлаб «Ялангтўшбий кичик мадрасаси» деб номланган. Кейинчалик масжид безагида бошқа бир обида қурилишига етадиган миқдорда олтин сарфлангани учун «тиллакори» (тилладан ишлов берилган) деб юритила бошлаган. Тиллакори мадрасадан шаҳар жоме масжвди ва Мадраса сифатида фойдаланилган. Шунинг учун масжиди (63×22 м) катта ва серҳашамлиги билан бошқа мадрасалардан ажралиб туради. Мадраса (70×70 м) га ғарбий пештоқ орқали кирилади. Пештоқ чуқур равоқли, 2 қанотининг олди равоқли, 2 қаватли ҳужралар, бурчакларини тенг ҳажмдаги гулдастамезаналар эгаллаган. Масжид хонақоҳи (10,8×10,8 м)нинг пойгумбази баланд, узоқдан кўзга ташланиб туради. Унинг гумбази ниҳоясига етказилмаган. Хонақоҳ тўрига мармардан меҳроб ва зинапояли минбар ишланган. Ўз даврида зарҳал нақшлар билан жозибадор безатилган хонақоҳнинг 2 ёнини олди равоқли, гумбаз томли айвон (йўлак) лар эгаллаган. Пештоқ равоғидаги мармар тахтачада безак ишлари 1659—60 й. ларда бажарилганлиги ёзилган.
Тиллакори мадраса бир неча бор таъмир қилинган. 1817 й. да амир Ҳайдар буйруғи билан зилзиладан зарар кўрган пештоғи қайта тикланиши жараёнида шакли бузилган. 1885 й. даги таъмир вақтида зарҳал нақшлар оддий бўёклар билан алмаштирилган. Тиллакори мадрасада Самарканд таъмирлаш устахонаси ташкил этилиб (1930), кошинларнинг қад. рангини топиш йўлида тадқиқот ишлари олиб борилган. Тиллакори мадраса даги йўқолиб кетаёзган ноёб зарҳал нақшларни усталар илмий ўрганиб, қайта тиклади (1970). Бинокорлар мадрасанинг Регистонга қараган пештоғини Шердор Мадраса ва Улуғбек мадрасаси билан мослаштириб қайта қурди. Пештоқ равоғи ва равоқ ичидаги қалқонсимон бағали, гулдастаси ҳамда хонақоҳ гумбази, ичидаги тилла ҳалли бўртма нақшлари қайта жилоланди (1974). Баланд гюйгумбази устига феруза ранг кошин билан қопланган гумбаз ўрнатилди. Бош тарзидаги безак мавзуларининг бойлиги, ички ва ташқи нақшларнинг серхашамлиги, пештоқ қаноси ва токчасидаги ироқи каштани эслатувчи безаклар, бўртма ёзувлар ўзига хосдир. Равоқ бурчаклари, безакли тоқиларни тўлдиришда кошинпаз усталар турли усулларни қўллашган (ғиштларнинг майда нақшлари кошинларнинг ҳандасий ва ислимий нақшлари билан мослаштирилган). Кошинкори равокларда яшил тангачалар, сарғиш япроқлар ва феруза поялар акс эттирилган. Хонақоҳ изораси кошиннамоён, девори, гумбази ва бағали кундал услубидаги серҳашам нақшларга бой. Меҳроб равоғи ва бағали муқарнас косачалар билан тўлдирилиб, зарҳал берилган ҳамда Қуръон оятларидан олинган бўртма ёзувлар билан ҳошияланган.
Эшиклар мураккаб нақш ва ёзувлар билан ёғоч ўймакорлигида пардозланган. Ҳовли сахни (50х50 м)га мармар ётқизилган. Атрофидаги ҳужраларга эшик, тобадонига панжаралар ишланган. Ҳужралар ёз кунлари ҳам салқин бўлади. Тиллакори мадрасада музей ташкил этилган бўлиб, унда мадрасани таъмирлашга оид нарсалар сакланган.
Ад.: Самарканд, Тиллакори мадраса, 1986; Ўзбекистон ислом обидалари, Тиллакори мадраса, 2002.