
ТИЛОҒОЧ
ТИЛОҒОЧ (Larix) — қарағайдошлар оиласига мансуб игнабаргли дарахтлар туркуми. 20 га яқин тури бор. Европа Осиё ва Шим. Америкада усади. Бир уйли, айрим жинсли ўсимлик. Бўйи 20—25 м (50 м гача, диам. 1 м гача етади), барглари қишда тўкилади. Игналари юмшоқ, силлиқ, узун новдаларда 20—40 тадан спиралсимон жойлашган. Уруғли қуббалари думалоқ ёки чўзиқроқ (ёшлигида қизғиш ёки яшил), калта новдалар учида жойлашган. Тилоғоч игнабарг чиқариши билан гуллайди, қуббаси ва уруғлари ўша йилдаёқ кузда ёки баҳорда экилади. Очилган қуббалари дарахтда 2—3 йилгача туради. Уруғи майда, қанотчали, шамол ёрдамида тарқалади. Тилоғоч совуққа ғоят чидамли, жой танламайди, ёруғсевар. Тоғ ён бағирларини мустаҳкамлашда, дала иҳота дарахтзорлари ҳосил қилишда ва жойларни кўкаламзорлаштиришда Тилоғочнинг аҳамияти катта. Унинг Гмелин ёки даурия Тилоғоч (L. gmeliniia) ва Сибирь Т. (L.sibirica) турлари кўп тарқалган. Ёғочи пишиқ, мустаҳкам, қаттиқ, сув ости иншоотлари қуришда; мебель, қоғоз тайёрлашда ишлатилади.