ТИШ ЧИРИШИ

ТИШ ЧИРИШИ, тиш кариеси тиш қаттиқ тўқималарининг зарарланиши; тиш эмали (дентин) нинг астасекин емирилиб, ковак ҳосил бўлиши. Болаларда кўп учрайди. Кўпинча болаларнинг биринчи катта жағ тишлари (олтинчи тиш) чирийди. Тиш чириши овқатланиш тарзининг бузилиши; хамир овқат ва ширинликларга ружу қилиш; овқат таркибида калий, фосфор ва витаминлар етишмаслиги, шунингдек, овқатда ҳўл мева ва сабзавотлар бўлмаслиги ҳамда тишларни нотўғри парвариш қилиш оқибатида пайдо бўлиши мумкин. Болалар тишининг чиришига ҳомиладор аёлларнинг овқатланиш режими, болани нотўғри овқатлантириш ва б. маълум даражада таъсир этади. Ичимлик сув таркибида фтор кам бўлган жойларда бу касаллик кўп учрайди (асосан, болаларда). Оғир инфекцион касаллик билан оғриган болаларда, айниқса, уларнинг балоғатга етиш даврида (хусусан, қизларда) Тиш чириши тез авж олиб кетади. Тиш чириши кўпинча ҳомиладорликда ҳам кузатилади, чунки бу даврда ҳомила скелети шаклланиши учун зарур бўлган кальцийга талаб ошиши натижасида она организмида ички секреция безлари фаолияти ва моддалар алмашинувининг бузилиши каби физиологик ўзгаришлар рўй беради.

Тиш чириши сезиларсиз бошланади. Дастлаб тиш эмали хиралашиб, ғадирбудурлашади, оқиш ёки сарғимтир доғ пайдо бўлади (қ. Тиш); кейинчалик бу жой юмшаб қолади, бу — юза Т. ч. дейилади; бунда тиш чўтка билан тозаланганда, ширин, нордон нарсалар ейилганда оғрийди. Чириган тиш коваги астасекин чуқурлашиб, эмалдан дентинга ўтади, ана шунда ўрта Тиш чириши келиб чиқади, ўткир кечганда механик, кимёвий ёки иссиқсовуқ таъсирида бир оз оғриқ пайдо бўлади. Тиш чириши жараёни дентин тўқимасининг ичига утиши натижасида пульпа устида юмшаб юпқалашган дентин қолади; бунда чириган тиш ковагига овқат кириши (иссиқ, совук, сув ва б. таъсир этиши) билан кучли оғриқ пайдо бўлиб, таъсирот йўқолганда дарров тўхтайди; бу — чуқур Тиш чириши деб аталади. Агар ўз вақтида даво қилинмаса, микроб тишнинг юмшоқ тўқимаси (пульпа)га кириб, уни яллиғлантиради — пульпит вужудга келади; борабора тиш илдизи атрофидаги тўқималар ҳам яллиғланиши мумкин, Тиш чиришини стоматолог врач даволайди. Тиш ковагини тозалаб пломбаланади.

Олдини олиш учун организм эҳтиёжига зарур минерал тузлар (айниқса, кальций, фосфор), витаминлар, ёғлар, углеводлар ва ҳ. к. га бой овқатлар еб туриш, овқатланиш режимига риоя қилиш, оғиз бўшлиғини соғлом саклаш керак.

Loading...