ТОҒЛАР

ТОҒЛАР, тоғли ўлкалар — ер юзасининг теваракатрофдаги текисликлардан якка ёки қатор кўтарилиб турган баланд жойлари. Тоғлар турли йўналишда, ҳар хил масофада тўғри чизиқ шаклида (Урал, Катта Кавказ, Кордильера, Олай, Зарафшон ва б.) ёки ёйсимон шаклда (Альп, Карпат ва б.) чўзилган бўлади. Тоғли ўлкалар Ер пўстининг бурмали ва бурмалипалахсали структурага эга, баландлиги денгиз сатҳидан бир неча минг м гача кўтарилган ва ўз доирасида баландликлари кескин фарқ қилувчи кенг (бўйи минглаб, эни юзлаб км га чўзилган) ҳудудларидир. Тоғли ўлкаларда тоғ тизмалари, яккаякка тоғлар, водийлар, кенг сойликлар ҳам мавжуд. Тоғ тизмалари ҳар икки томондаги ён бағирлари тик бўлган, узунасига чўзилган йирик рельеф шаклларидир. Тоғларнинг баландлиги денгиз сатҳидан 200 м дан (қирлар, адирлар) бошлаб бир неча км га етиши мумкин. Мас., Ер шарининг энг баланд нуқтаси Ҳимолай тоғларидаги Жомолунгма чўққиси (8848 м). Тоғлар ён атрофидаги текисликлардан тоғ этаг и, баъзан адирлар билан ажралиб туради. Тоғ этаги Тоғлар шаклининг турига қараб ҳар хил кўринишда бўлиши мумкин. Тоғлар рельефининг таркибий қисмлари — тоғ занжирлари, уларнинг айрим тармоқлари — тизмалар, улар орасидаги тектоник чўкмалар, қад. денудацион кўтарилмалар ва қ. к. дан иборат. Морфологик жиҳатдан қор чизиғидан юқори кўтарилган баланд ёки альп типидаги (бал. 3000—5000 м дан зиёд) Тоғлар алоҳида ажралиб туради. Бундай Тоғлар рельефи тик, музлик ҳосил қилган рельеф шакллари: қирлар, пирамидасимон чўққилар, ўткир қиррали тоғ тепалари, тоғорасимон водийлардан иборат бўлади. Буларга Кавказ, Помир, Тяньшан, Ҳимолай, Альп, Кордильера тоғларини мисол қилиш мумкин. Альп типли тоғлардан фарқли равишда, ўртача баландликдаги (бал. 2000— 3000 м) Тоғларнинг тепалари юмалоқроқ, ён бағирлари қияроқ. Копетдоғ, Ўрта ва Шим. Урал, Карпат, Шварцвальд тоғлари ўртача баландликдаги Тоғлар дир. Ташқи омиллар, ички ва ташқи кучлар таъсирида Тоғлар емирилиб, пасая боради, чўкиндилар кўпроқ тўпланади, рельеф шакллари силлиқланади. Баландлиги денгиз сатҳидан 1000 — 2000 м гача кўтарилган бўлса паст Тоғлар дейилади: Қозоғистон паст тоғлари, ЧуИли, Жан. Тожикистондаги Тоғлар паст тоғлардир. Табиатда Тоғлар тўла равишда емирилмай туриб, яна кўтарила бошлайди ва бундай ўзгаришлар бир неча марта такрорланади.

Келиб чиқишига кўра, тектоник, эрозион ва вулканик Тоғлар фарқ қилинади. Тектоник Т. Ер пўстининг кучли дислокацияга учраган, асосан, геосинклиналь системалар, баъзида платформаларнинг жадал суръатларда кўтарилиши натижасида вужудга келади, бунда мувофиқ равишда эпигеосинклиналь ва эпиплатформалар ҳам шаклланади. Улар бурмали ва палахсали (узилмали) Тоғларга бўлинади. Бурмали Т. Ер пўстининг ҳаракатчан зоналарида пайдо бўлади. Палахсали Тоғлар бурмаланган зоналарда Ер пўсти бурмаланмасдан айрим палахсаларга ажралган, уларнинг бир қисми кўтарилиб горстлар ҳосил қилган, иккинчи қисми чўкиб, грабенларга айланган. Шунинг учун тектоник Тоғлар бурмалипалахсали Тоғлар деб юритилади. Эрозион Тоғлар денгиз сатҳидан баланд кўтарилган ва оқар сувлар таъсирида чуқур ўйилиб кетган, горизонтал ётган тоғ жинсларидан таркиб топган майдонлар, яъни парчаланган плато ва ясситоғликлардан иборат. Вулканик Тоғлар, асосан, тектоник асос, ёш тоғли ўлка ёки қад. платформалар устида ётган ва кенг майдонларга ёйилган вулкан конуслари, лава оқимлари ва туф ётқизиқларидан юзага келади.

Тоғларнинг ёши геологик ёш ва морфологик ёшга ажратилади. Тоғларнинг геологик ёши деб, унинг геосинклиналдан дастлаб кўтарилган вақти тушунилади. Жумладан, каледон ёки герцин бурмаланишидан ғосил бўлган Тоғлар альп бурмаланишидаги Тоғлардан геологик жиҳатдан кексароқ ҳисобланади. Морфологик ёш рельефнинг геологик ривожланиши тарихи тўғрисида фикрлаш имконини беради. Кўтарилаётган Тоғлар «ёш» ҳисобланади.

Денгиз сатҳидан баланд кўтарилиб турган Тоғларда атмосферанинг турли қатламлари жойлашганидан, тоғ ён бағирларида иклим вертикал тарзда алмашиниб боради ва шу йўсинда тоғли ўлкалар ландшафти вертикал минтақаларга ажралиб туради. Ландшафт минтақалари сони, уларнинг хусусияти, изчиллиги ва баландлик чегаралари турли тоғли ўлкаларда турлича бўлиб, географик кенглигига, шунингдек, Тоғларнинг баландлигига боғлиқ. Тоғларни ўрганиш катта амалий аҳамиятга эга.

Loading...