ТОЛЕРАНТЛИК

ТОЛЕРАНТЛИК (иммунологик толерантлик — барча антигенларга иммунореактивлик хусусиятини сақлаган ҳолда организмнинг муайян антигенга нисбатан иммунологик жавобининг йўқолиши ёки сусайиши. «Толерантлик» термини инглиз олими П. Медавар (1953) томонидан кўчириб ўтқазилган бегона тўқимага нисбатан организм иммун системаси «чидамлилигини» кўрсатиш мақсадида таклиф этилган. «Иммунологик фалажлик», «ареактивлик», «антиген оғирлиги» каби терминлар Толерантликнинг ҳар хил шаклларига мое келади. Соғлом организмнинг иммун тизими ўзининг антигенларига нисбатан толерант бўлиши туфайли организм тўқима ва ҳужайраларига зарар етказиши мумкин бўлган антителоларни ишлаб чиқармайди. Ҳомиланинг аллоантигенларга нисбатан толерантлигининг физиологик ҳолати ҳомиладорлик пайтида вужудга келади, деган тахминлар мавжуд. Кон ҳосил қилувчи (плазматик) ҳужайраларнинг она қорнида бўладиган алмашинувлари натижасида ҳар хил тухумли эгизакларда ҳам қоннинг гуруҳланган (қ. Қон гуруҳлари) антигенларига нисбатан ўзаро физиологик Толерантлик пайдо бўлиши мумкин.

Бактерия ва вирусларга нисбатан Толерантлик латент, яъни яширин инфекция юққанида (мас., одамда зардоб гепатити вируси) кузатилади. Орган ва тўқималар трансплантацияси (кўчириб ўтқазиш) да трансплантантнинг такдири реципиентда донорнинг гистоўриндош антигенларига нисбатан ҳосил қилинаётган Толерантликнинг қанчалик тўлиқ ва узоқ бўлиши билан аникланади. Хусусий антигенларга нисбатан Толерантликнинг бузилиши автоиммун касалликларни келтириб чиқаради. Толерантлик тўлиқ ёки иммун жавобнинг бирон шаклига тааллукли бўлиши мумкин (мас., антигенлар ҳосил қилиш қобилиятини йўқотганда ҳужайра иммунитетини сақлаб қолиш). Толерантликнинг мураккаб табиати, бу ҳолатни ўрганиш учун тажрибалар ўтказиш вақтида очилади. Иммунокомпетент ҳужайралар маълум клонлари ҳаёт фаолиятининг пасайиши ёки бутунлай тўхташи натижасида қайтмас Толерантлик вужудга келиши кузатилган. Бундай ҳолат иммун система пишиб етилмаган даврда, айниқса, организмга кўп миқцорда антигенлар киритилганда пайдо бўлади (ҳомиланинг она қорнида ривожланиши даврида ёки бола туғилгандан кейинги дастлабки кунларда).

Вояга етган организмларда Толерантликни, ионловчи нурлар ёки иммунодепрессантлар ёрдамида иммунокомпетент ҳужайраларни тўлиқ бўғиш билан вужудга келтириш мумкин. Организмга кичик дозадаги эрувчан антигенлар киритиб, қайтар Толерантлик ҳосил қилса бўлади. Бундай антигенларнинг молекулалари лимфоцитлар мембранасига жойлашган иммуноглобулинларнинг молекулалари билан бирикиб, уларни тўсиб қўяди, деб тахмин қилинади. Қайтар Толерантликни антигенантитело комплекси ҳам ҳосил қилади. Толерантлик В лимфоцитлар ҳамда фагоцитларнинг иммун жавобини тўхтатиб турувчи махсус Тлимфоцитлар мавжуд. Бундай Тлимфоцитлар (супрессорлар) хусусий антигенларга нисбатан физиологик Толерантликни сақлаб туриши мумкин. Антителоларнинг бир меъёрда ҳосил бўлишини амалга оширувчи Толерантлик шакли ҳам мавжуд; бу жараёнда вужудга келган барча антителолар тўқималардаги антигенлар билан боғланади. Толерантликни организмга кўп миқдорда антителолар киритиш орқали ҳам ҳосил қилиш мумкин. Бу антителолар антиген молекулаларини лимфоцитларга етказмасдан ушлаб қолади ёки антигенни иммунокомпетент ҳужайралардан тўсиб туради. Организмнинг ташки муҳитнинг ноқулай шароитларига чидаши ҳам Толерантлик деб аталади.

Ўсимликларда Толерантлик ҳимоя реакциясининг бир тури, юқтирилган касалликка жавобан ўзига хос чидамлиликнинг намоён бўлиши. Турда Толерантликнинг пайдо бўлиши танлаш натижаси билан боғлиқ бўлиб, табиий популяциялардаги эволюцион жараёнда ўсимлик билан патоген ўртасида узоқ вақт давом этган ўзаро таъсирлар натижасида вужудга келади. Маданий ўсимликлар Т. туфайли эпифитотия (ёппасига зарарланиш) шароитида қам қониқарли ҳосил беради. Толерантликнинг намоён бўлиши экологик шароитларга (ҳарорат, ҳаво, тупроқ), ёш ўсимлик онтогенези фазаларига ва б. га боғлиқ. Барча навларга мансуб бўлган ўсимликлар Т. и қулай шароитларда ўстирилганда (озиклантириш, агротехника) ошади. Толерант навлардан кенг микёсда фойдаланиш хавфли, чунки улар бошқа ўсимликларни зарарловчи манба бўлади; касаллик қўзғатувчи янги микроорганизмларнинг пайдо бўлишига қулай шароит яратади.

Фармакология ва токсикологияда Толерантлик заҳарли ва фармацевтик моддалар (мас., наркотиклар)га нисбатан сезувчанликнинг пасайишини англатади. Узоқ вақт давомида организмга кичик дозаларни киритиш натижасида кучли таъсир этувчи заҳарларга кўникиш митридатизм деб аталади (қ. Иммунитет, Иммунология). Абдукарим Зикирёев.

Loading...