ТЎЛИН СУВ ДАВРИ — дарё сувининг ҳар йили бир мавсумда такрорланиб турадиган кўпайиши ва сатҳининг кўтарилиши. Бу даврда дарёлар йиллик сувининг 60—80% оқиб ўтади. Дарёларнинг тўйиниш манбаларига қараб, Тўлин сув даври баҳор ва ёзда бўлади. Баҳорги Тўлин сув даври мавсумий қор сувларидан тўйинадиган текислик дарёлари бн унча баланд бўлмаган тоғлардаги дарёларда (Қорадарё, Қашқадарё, Оҳангарон ва б.) кузатилади. Ёзги Тўлин сув даври баланд тоғлардаги мангу қор ва музликлар сувидан тўйинадиган дарёлар (Зарафшон, Шоҳимардон, Сўх, Исфара ва б.) бн муссон ёмғирлари ҳисобига тўйинадиган дарёларда кузатилади. Тўлин сув даври кичикроқ дарёларда 1,5—2 ой, йирик дарёларда 3—4 ой давом этади.