ТОМСК

ТОМСК — РФ Томск вилоятидаги шаҳар (1782 й. дан), вилоят маркази. Томь дарёсининг ўнг соҳилида. Дарё порти. Томск станцияси, дарёдан т. й. га, темир йўлдан дарёга юк ортиладиган пункт. Аэропорт бор. Аҳолиси 478 минг киши (1998). 3 шаҳар тумани мавжуд.

Томск 1604 й. да вужудга келган. 1804 — 1925 й. ларда губерня маркази. Шаҳар 19-а. нинг 30-й. лари охиридан, Томск ва Енисей губерняларида кўплаб олтин қазиб олина бошлаши муносабати билан, Сибирнинг муҳим савдо, ҳунармандчилик ва транзит маркази бўлиб қолди. Томскда 1880 й. да Россиянинг Осиё қисмида биринчи унт, 1896 й. да Сибирда биринчи олий техника ўқув юрти — технология инти очилган. 1880-й. дан Томск подшо Россиясининг сургун жойи эди.

Томскда машинасозлик ва металлсозлик (приборсозлик, электротехника саноати, подшипниклар, асбоблар ва б.), кимё, ёғочсозлик, озиқ-овқат, енгил саноатлари ривожланган. Қурилиш материаллари корхоналари бор. Шаҳарда Россия ФА Сибирь бўлимининг илмий маркази; 6 олий ўқув юрти (шу жумладан, унт), 3 театр, музейлар (шу жумладан, Томск унти музейи), Ботаника боғи мавжуд. Меъморий ёдгорликлардан: Воскресенская черкови (18-а. охири — 19-а. бошлари), савдо расталари (18—19-а. лар) сакланган.

Loading...