ТОПОГРАФИЯ

ТОПОГРАФИЯ (юн. topos — жой ва …графим) — Ер сирти (қурукҒшк табиий сирти элементлари ва унда жойлашган инсон фаолиятига боғлиқ объектлар) ни геометрик жиҳатдан ўрганиш, уларни план ва хариталарда тасвирлаш билан шуғулланадиган илмий-техник фан.

Топография йирик масштабли топографик хариталарни тузиш билан боғлиқ дала ўлчаш ва ҳисобчизма ишларини; жойда съёмка базаси тармоғини қуриш; оддий асбоб ва усулларда бажариладиган съёмка ишларини, аэрофототопографик усулда бажариладиган съёмка ишларини ташкил қилиш ва амалга ошириш; топографик хариталар тузишнинг ҳамма босқичларида таҳририй ишларни таъминлаш; топографик хариталар учун шартли белгиларни ишлаб чиқиш ва уларни мукаммаллаштириш каби масалалар билан шуғулланади.

Ер табиий сиртини ўрганишда Топография табиий ва иқтисодий географияга асосланади; Ер сиртининг тасвирини қоғоз (текислик)да ҳосил қилиш (топографик харитани яратиш)да эса у геодезия ва харитаграфия маълумотларидан фойдаланади. Топографик съёмка асосида яратилган топографик хариталар умумгеографик хариталарнинг негизи ҳисобланади.

Loading...