ТОҚИ ЗАРГАРОН

ТОҚИ ЗАРГАРОН (форс. — заргарлар тоқи) — Бухородаги меъморий ёдгорлик (16-а.). Заргарлик буюмлари сотиш учун мўлжалланган савдо маркази. Гумбази араблар босқинига қадар қурилган деб тахм. қилинади. Восифийиинг 16-а. бошларида ёзган асарида Бухоро чорсуси сифатида тилга олинган. Тоқи заргарон Улуғбек мадрасаси ёнида, қад. шаҳристон маркази — 2 катта кўча кесишган чорраҳа устини қоплаб туради. Бино, асосан, 15-а. да қурилган (16-а. да тўлатўкис таъмирланганлиги сабабли шу йили бунёд этилган деб тахм. қилинади). Улкан гумбаз 8 та тоқига ўрнатилган. Тарҳи 45,4×43,5 м, бал. 16,7 м, гумбазининг асос айланаси 14 м, пойгумбази кўп қиррали, ундаги 16 та дарча орқали бино ичига ёруғлик тушиб туради. Атрофини ўраб турган дўконлар гумбази бал. 5 — 7 м. Ўтмишда унинг далонларида 36 заргарлик устахонаси ва дўконлар бўлган. Атрофига савдо расталари, омбор, карвонсаройлар қурилган. Тоқи заргарон Бухородаги тоқиларнинг энг йириги ва мужассамоти жиҳатидан мураккаби ҳисобланади.

Loading...